Жиззах вилояти ИИБ хабарлари — қисқа сатрларда
Жиззах вилояти ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари иштирокида “Китобдан беминнат дўст бўлмас” мавзусида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда “Маънавият ва маърифат” дарси доирасида қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, ходимларнинг ҳуқуқий билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир давомида анъанавий савол-жавоблар ўтказилиб, иштирокчиларни қизиқтирган масалаларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, китоблар ярмаркаси ташкил қилиниб, ходимлар бадиий ва ҳуқуқий адабиётларни харид қилиш имконига эга бўлишди.

***

Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказилган қабулда 27 нафар фуқаро иштирок этди. Қабул давомида фуқаролар томонидан терговга қадар текширувлар, жиноят ишларини юритиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан мурожаатлар билдирилди. Айрим мурожаатлар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этилган масалалар эса назоратга олиниб, ижроси таъминланиши белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, фуқароларга қонунчилик доирасида зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, уларнинг мурожаатларига аниқ ва асосли жавоблар қайтарилди.
***


Зарбдор туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан пробация назоратидаги шахслар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда жазо ўтаётган шахсларнинг ижтимоий муаммолари, иш билан таъминланиши ва ҳаётга мослашув масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мулоқот давомида уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман судининг сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 5 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди, 2 нафар шахсга нисбатан эса жазо чоралари кучайтирилди.
***


Шароф Рашидов туманидаги “Ғозғонтепа” МФЙ ҳудудида жойлашган марказий чиқинди полигони атрофини тозалаш бўйича кенг кўламли экологик акция ташкил этилди. Унда “Ёш экофаоллар” кенгаши аъзолари, тегишли ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари фаол иштирок этишди. Тадбир давомида ходимлар жамоат тартибини таъминлаш билан бирга, тозалик ишларида ҳам бевосита иштирок этишиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўз ҳиссаларини қўшишди. Якунда акцияда фаол иштирок этганлар турли номинациялар бўйича муносиб тақдирланишди.
***



Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Жумладан, ҳудудда барпо этилаётган янги меҳмонхона қурилиши ҳамда мевали боғни ривожлантириш ишлари кўздан кечирилди. Масъуллар иштирокида лойиҳаларнинг амалга ошириш босқичлари, аҳоли ва ходимлар учун яратилаётган шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Шунингдек, боғда агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш, дарахт кўчатларини парваришлаш ва ҳосилдорликни ошириш масалалари юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири