JICA битирувчиси Япония тажрибасини юртимизда жорий этмоқда
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотига кўра, JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Битирувчилар ассоциацияси вакиллари JICA ўқув дастури битирувчиси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бўлим бош мутахассиси Абдуллахон Шукуров фаолияти билан танишган.
Абдуллахон Шукуров Японияда ўтказилган “Кичик фермер хўжаликлари ҳаёт даражасини яхшилаш учун сабзавотчилик технологиялари” мавзусидаги 8 ойлик ўқув дастурида иштирок этган.
Маълум қилинишича, у ҳозирда Тошкент вилояти Пискент туманида томчилатиб суғориш тизими, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда сабзавот ва меваларни ҳимояланган шароитда етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этмоқда.
Шунингдек, Абдуллахон Шукуров японча қулупнай етиштириш технологияларини ўзлаштириб, ишлаб чиқаришга янги ёндашувларни татбиқ этгани ва бу агро-туризм йўналишини ривожлантиришда муносиб ҳисса экани таъкидланди.
Г.Бобоева, ЎзА