ЖЧ-2026: “G” ва “H” гуруҳларида интрига сақланиб қолди
Миср мундиаллар тарихида илк ғалабасини қўлга киритган ҳолда гуруҳ пешқадамига айланди.
2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг “G” ва “H” гуруҳларида иккинчи тур учрашувлари якунланиб, плей-офф йўлланмалари учун кураш янада қизғин тус олди.
“G” гуруҳида Бельгия ва Эрон терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Тенг курашлар остида кечган учрашувда томонлар дарвозаларни ишғол эта олмади ва баҳс 0:0 ҳисобида якунланди. Бельгиялик ҳимоячи Натан Нгой 67-дақиқада рақиб ҳужумчисини бирга-бир вазиятда қоидабузарлик билан тўхтатгани учун майдондан четлатилди.
Гуруҳнинг яна бир учрашувида Миср ва Янги Зеландия терма жамоалари тўқнаш келди. Баҳснинг 15-дақиқасида Финн Серман ҳисобни очиб, Янги Зеландияни олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимда мисрликлар ўйин ташаббусини тўлиқ ўз қўлига олди. Аввал Мустафо Зико 58-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Орадан тўққиз дақиқа ўтиб, Муҳаммад Салоҳ жамоасини олдинга олиб чиқди. 82-дақиқада эса Маҳмуд Ҳассан учрашувга нуқта қўйди.

Натижада Миср икки турдан кейин 4 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Эрон ва Бельгия ҳисобида 2 тадан очко бор. Янги Зеландия эса 1 очко билан сўнгги ўринда қолмоқда.
Гуруҳнинг ҳал қилувчи - учинчи тур баҳслари 26 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Эрон — Миср ҳамда Бельгия — Янги Зеландия учрашувлари ташкил этилади.

“H” гуруҳида эса кутилмаган натижалар қайд этилди. Майами шаҳридаги “Ҳард Рок” стадионида ўтган Уругвай — Кабо-Верде баҳси 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Учрашувда ҳисобни 21-дақиқада Кабо-Верде ярим ҳимоячиси Кевин Ленини очди. Биринчи бўлим охирида Максимилиано Араухо ҳисобни тенглаштирган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг олтинчи дақиқасида Агустин Каноббио Уругвайни олдинга олиб чиқди. Бироқ, 61-дақиқада Элио Варела гол уриб, жамоасига муҳим очко келтирди.
Гуруҳнинг иккинчи баҳсида Испания Саудия Арабистонини 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадаги илк ғалабасини қўлга киритди.
Икки турдан кейин Испания 4 очко билан гуруҳ пешқадамларидан бири бўлиб турибди. Уругвай ва Кабо-Верде 2 тадан очко билан кейинги ўринларни эгаллаган. Саудия Арабистони эса 1 очко билан сўнгги поғонада бормоқда.
Гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи турида Уругвай Испанияга қарши, Кабо-Верде эса Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади.
Ҳар икки гуруҳда ҳам нимчорак финал йўлланмалари тақдири сўнгги турда ҳал бўлади.

Бугун мундиал дастуридан ўрин олган баҳсларни “J” гуруҳида Аргентина ва Австрия терма жамоалари ўртасидаги учрашув очиб беради. Беллашув Тошкент вақти билан соат 22:00 да старт олади.
Шунингдек, “I” гуруҳида Франция Ироқ билан баҳс олиб боради, учрашув соат 02:00 да старт олади. Гуруҳнинг яна бир баҳсида Норвегия ва Сенегал терма жамоалари соат 05:00 да майдонга тушади.
“J” гуруҳида эса Иордания ва Жазоир терма жамоалари ўртасидаги учрашув соат 08:00 да бошланади. Мазкур баҳс ҳам кейинги босқич йўлланмаси учун муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА