Жазирамадан сақланиш бўйича мутахассис тавсиялари
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, дам олиш кунлари ҳамда 13-17 июлда ҳаво иссиқ бўлади. Ҳарорат 41-43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда эса 44-46 даражагача кўтарилади.
Бундай об-ҳаво шароитида инсон организми қизиши, сувсизланиши, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши, иссиқ уриши ҳолатлари юзага келиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига, айниқса хавф гуруҳига кирувчи фуқароларга эҳтиёткорлик чораларига қатъий амал қилишни тавсия қилмоқда.
Кимлар иссиқ ҳавода саломатлигига янада эътиборли бўлишлари керак?
Жазирамадан организмни қандай асраш лозим?
Бу саволларга ССВ бўлим бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов батафсил жавоб беради:
— 65 ёшдан ошган кексалар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак, нафас йўллари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар, юқори қон босими ёки юрак дориларини, «сув ҳайдовчи», аллергияга қарши ёки психотроп препаратларини қабул қилувчилар иссиқлик таъсирига нисбатан, айниқса, заиф ҳисобланади. Бу инсонларда чанқоқлик ҳисси кеч пайдо бўлиши, тана ҳароратини назорат қилиш қобилияти пасайиши ёки сурункали касалликлар зўрайиши мумкин. Шунинг учун уларнинг ҳолатидан мунтазам хабар олиб туриш лозим.
Иссиқда организм терлаш орқали кўп миқдорда суюқлик ва минерал моддаларни йўқотади. Чанқоқни кутмасдан, кун давомида оз-оздан ва тез-тез сув ичиш зарур. Катта ёшли соғлом инсонлар учун одатда кунига 2–3 литр атрофида суюқлик ичиш тавсия этилади. Юрак, буйрак касалликлари ёки шишга мойиллиги бор беморлар эса суюқлик миқдорини шифокор тавсиясига кўра белгилаши керак.
Енгил, кенг, ҳаво ўтказувчан ва оч рангли кийимлар кийиш тавсия этилади. Пахта ва зиғир каби табиий матолар тананинг нафас олишига ёрдам беради ва тернинг буғланишини енгиллаштиради. Кўчага чиққанда кенг қиррали бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва зарур ҳолларда офтобдан ҳимояловчи кремдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Оғир, ёғли, қовурилган, аччиқ ва ҳазм бўлиши қийин овқатлар организмга ортиқча юклама беради. Шунинг учун сабзавотли салатлар, енгил шўрвалар, қатиқ, айрон, творог, тухум, товуқ ёки балиқ гўшти, мевалар истеъмол қилиш тавсия этилади. Кун давомида 5-6 марта оз-оздан овқатланиш мақсадга мувофиқ.
Тахминан соат 11:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида юришни чеклаш керак. Зарур ишларни эрталаб ёки кечки салқин вақтларга қолдириш мақсадга мувофиқ. Агар кўчага чиқиш зарур бўлса, соя йўлаклардан юриш, бош кийим кийиш, ёнингизда сув олиб юриш ва ҳар 15–20 дақиқада оз-оздан сув ичиш тавсия этилади.
Ҳеч қачон болаларни, кексаларни ёки ҳайвонларни автомобиль ичида ёлғиз қолдирманг. Қуёш остида турган автомобиль ичида ҳарорат бир неча дақиқада ҳаёт учун хавфли даражагача кўтарилиши мумкин.
Эсда тутинг: иссиқ ҳавода энг муҳим қоидалар — салқин жойда бўлиш, етарли сув ичиш, енгил кийиниш, оғир овқат ва оғир жисмоний меҳнатни чеклаш, хавф гуруҳидаги яқинлар ҳолидан хабар олиш ва хавфли белгиларда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишдир.
М.Қосимова тайёрлади,
ЎзА