Жазирама Европани синовдан ўтказмоқда (+видео)
DW нашрининг хабар беришича, Европада кучли жазирама давом этмоқда. Масалан, Францияда июнь ойи учун тарихий ҳарорат рекорди қайд этилган. Мамлакатда ўта иссиқ об-ҳаво оқибатида ҳалок бўлганлар ҳам бор.
Франция миллий метеорология хизмати маълумотига кўра, 22 июнь куни эрталаб мамлакат бўйича ўртача ҳарорат 29,2 даражага етган. Бу июнь ойи учун кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.
Ўтган ҳафта ҳам Францияни кучли иссиқ тўлқини қамраб олди. 22 июнь куни мамлакат ҳудудининг ярмидан кўпроғида юқори хавф даражаси эълон қилинди. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган.
20–21 июнь кунлари мамлакатда жазирама билан боғлиқ камида учта ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, сув ҳавзаларида чўмилиш пайтида ўндан ортиқ одам ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Иссиқлик туфайли Францияда 1350 дан ортиқ мактабда дарслар бекор қилинди. Яна 4000 дан зиёд мактабда дарс соатлари қисқартирилиб, ўқувчилар туш пайти уйига жавоб берилди.
Шунга ўхшаш чоралар Германиядаги айрим мактабларда ҳам кўрилди.
Бельгияда ҳам юқори ҳарорат сабаб айрим поездлар қатнови бекор қилинди. Мутахассислар яқин кунларда мамлакатда янги ҳарорат рекорди ўрнатилиши мумкинлигини билдиришди. Нидерландияда ҳафта охирига бориб ҳаво ҳарорати 37 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Буюк Британияда 24–25 июнь кунлари баъзи ҳудудларда қизил хавф даражаси жорий этилади. Лондон, Бирмингем ва бошқа шаҳарларда ҳарорат 40 даражагача чиқиши мумкин.
Германиянинг жануби-ғарбий қисмида ҳам яқин икки-уч кун ичида ҳаво 40 даража атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.
Испанияда эса метеорологлар кундузи ҳам, кечаси ҳам ҳаво ҳарорати ўта юқори бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Маҳаллий ҳокимият аҳолидан куннинг иссиқ пайтларида уйдан чиқмасликни, деразаларни ёпиқ тутишни ва иссиқлик чиқарувчи маиший техникалардан камроқ фойдаланишни сўрамоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/QYsZsShYA68?si=6ZOyr4fOCMjtZte8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА