Жавлон Ваҳобов: “Марказий Осиё – Туркия” формати – шерикликнинг ўзига хос шакли
Анқара шаҳрида Сиёсат, иқтисодиёт ва жамият тадқиқотлари жамғармаси (SEТА) томонидан Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Туркия: ўзгариб бораётган дунёда умумий келажак” форуми ташкил этилди.
Тадбирда икки минтақадан давлат тузилмалари, дипломатик корпус, етакчи таҳлил марказлари, академик доиралар вакиллари ҳамда экспертлар қатнашди.
Иштирокчилар халқаро вазият ўзгариб бораётган бир шароитда ўзаро стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболини муҳокама қилдилар. Савдо, сармоя, энергетика, транспорт боғлиқлиги, технология, таълим, маданият ва экспертлар мулоқотини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

SEТА бош координатори Наби Миш ўз нутқида етакчиларнинг мустаҳкам сиёсий иродаси ва мунтазам мулоқоти умумий тарихий-маданий яқинликни аниқ сиёсий ҳамкорликка айлантириш имконини берганини таъкидлади. Қайд этишича, дунё таъминот занжири, энергетика йўналишлари ва транспорт тармоғи қайта шаклланаётган бир даврда ишонч ва умумий қадриятга асосланган шериклик муҳим стратегик устунликка айланмоқда.
Ўз навбатида МОХИ директори Жавлон Ваҳобов Марказий Осиё ва Туркия ҳамкорлиги келажаги умумий тарих, маданий яқинлик ва ўзаро ишончни аниқ лойиҳалар, инвестиция ҳамда минтақавий боғлиқликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларга айлантиришда эканига урғу берди.

Экспертимиз фикрича, “Марказий Осиё – Туркия” форматини мавжуд платформалар, жумладан Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (САREС) дастури каби тузилмаларга муқобил майдон эмас. Ушбу майдоннинг вазифаси иқтисодиёт, сармоя, технология, энергетика, транспорт боғлиқлиги, таълим ва маданиятни қамраб олувчи ўта аниқ, амалий кун тартибини шакллантиришдан иборат.

Икки минтақа ўртасидаги савдо ҳажми 2018 йилдан буён икки баробар ўсиб, 2025 йил 14,5 миллиард долларга етган. 2030 йилга бориб мазкур кўрсаткични 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Туркия Марказий Осиёга киритган сармоя 2016-2024 йиллар давомида 2,5 баробар ошди. Минтақамиздаги турк компаниялари сони эса 4 000 дан қарийб 7 000 га етди. Демак, биз учун ушбу қардош давлатнинг савдо, инвестиция, логистика ва технология ҳамкорлиги борасидаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда.
Мунозаралар чоғида энергетика, муҳим минерал ресурслар ва рақамли трансформация масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Марказий Осиёнинг энергетика ва хом ашё салоҳияти Туркиянинг энергетик хаб ҳамда саноат ҳамкори сифатидаги мавқеи билан уйғунлашиши мумкинлиги эътироф этилди. Бу жараён, жумладан, яшил энергетика, қайта ишлаш, аккумулятор материаллари, водород ва янги технология соҳаларидаги лойиҳаларни қамраб олади. Рақамли йўналишда эса сунъий интеллект, молия технологияси, кибер хавфсизлик, рақамли давлат хизмати, қишлоқ хўжалиги саноати технологияси, сув тежовчи ечимлар, қўшма таълим дастурлари ва рақамли кадрлар тайёрлаш истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

Форум якунида иштирокчилар Марказий Осиё ва Туркия ўртасида мунтазам эксперт мулоқотини янада ривожлантириш муҳимлигини маъқулладилар. Халқаро беқарорлик кучайиб бораётган бир даврда бундай ҳамкорлик амалий ечимлар ишлаб чиқиш, минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда ишонч, ўзаро манфаат ва умумий стратегик манфаатга асосланган узоқ муддатли шериклик кун тартибини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Ғ.Хонназаров тайёрлади. ЎзА