Жасорат мактаблари: билим ва тарбия уйғунлиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республикамизнинг 208 та умумий ўрта таълим муассасасида фаолият юритаётган «Жасорат мактаблари»да янги ўқув йили бошланди. Ушбу синфларда ёшларга пухта билим бериш баробарида уларни интизомли, масъулиятли ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга эътибор қаратилган.
«Жасорат мактаблари»ни ташкил этишга ҳуқуқий асос сифатида 2024 йил 15 ноябрда давлатимиз раҳбарининг «Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат асосида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган тизим йўлга қўйилди.
Сурхондарё вилоятининг барча 15 та туман ва шаҳрида биттадан «Жасорат мактаби» синфи ташкил этилган.
[gallery-31458]
Денов туманидаги 100-сонли умумий ўрта таълим мактабидаги синфда 26 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Улар математика, тарих, физика, чет тили, жисмоний тарбия ҳамда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанларини чуқурлаштирилган дастур асосида ўрганади.
Ўқув жараёни назарий машғулотлар билан чекланмайди. Ўқув йили давомида ҳарбий полигонларда икки марта, ҳар чоракда эса ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар ўтказилади. Шахмат ва шашка тўгараклари, китобхонлик сабоқлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Синф учун алоҳида ўқув хонаси ажратилган, зарур шароитлар яратилган. Машғулотларнинг тартиб ва интизом асосида ташкил этилиши ўқувчиларда масъулият ва жамоавийлик кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Улар орасида келажакда ҳарбий соҳани танлашни мақсад қилган ёшлар ҳам кўп. «Жасорат мактаби» ўқувчиси Жасмина Жабборова болалигидан Ватанга хизмат қилишни орзу қилган. Бугун у мазкур синфда таҳсил олиб, ўз мақсади сари интилаяпти.
«Жасорат мактаблари»да таълим 5-синфдан 11-синфгача давом этади. Ҳар йили 4-синфни тамомлаган 26 нафар ўқувчи тест ва жисмоний синовлар асосида танлов билан қабул қилинади.
Шунингдек, мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган ҳамда «Ватан таянчи» отряди аъзоси бўлган бир нафар ўқувчига Мудофаа вазирлиги томонидан олий ҳарбий ва юридик таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА