“Жасорат мактаби” – мардлик ва матонат маскани
Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида мардлик, жасорат ва фидойилик фазилатларини қарор топтиришда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги лойиҳалар муҳим ўрин тутади.
Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган “Жасорат мактаби” лойиҳасининг тўртинчи мавсуми якунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда гарнизон ҳарбий хизматчилари, ҳарбий прокуратура, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси вакиллари иштирок этди.
Маросимда лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, ёшларнинг билим ва амалий кўникмаларини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлаш борасида эришилган натижалар эътироф этилди.
Ҳарбий муҳитдаги қатъий тартиб-интизом, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ўзаро масъулият ёшларнинг нафақат жисмонан чиниқиши, балки мустақил фикрлаши, иродасини тоблаши, ҳаёт синовларига муносиб тайёрланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– “Жасорат мактаби” нафақат жисмоний чиниқиш, балки ҳақиқий ҳаёт ва матонат мактаби бўлди, - дейди лойиҳа иштирокчиси Суннатилла Абдуалимов. – Бу ердаги қатъий кун тартиби, ҳарбий интизом ва командирларимизнинг ўгитлари менда масъулият ҳиссини янада оширди. Дўстларим билан бир жамоа бўлиб ҳаракатланишни, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишни ўргандик. Энг муҳими, Ватан ҳимоячиси деган шарафли номнинг нақадар улуғ эканини қалбан ҳис этдим. Бу лойиҳа келгусида ҳаётда ўз ўрнимни топишимда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, қатъиятли ва ташаббускор инсонлар этиб тарбиялашда бу каби лойиҳаларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
[gallery-32761]
“Жасорат мактаби”нинг навбатдаги мавсуми иштирокчилар учун ўз имкониятларини синовдан ўтказиш, янги билим ва тажриба орттириш, энг муҳими, Ватан олдидаги фарзандлик бурчини янада чуқур англаш йўлида ўзига хос ҳаёт мактаби бўлди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат, видео), ЎзА