Жанубдаги “Медиа ҳафталик”да хорижликлар ҳам қатнашиш истагини билдирди
Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Сурхондарё вилоятидаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогер ва матбуот котиблари учун йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси сифатида талқин этилган “Медиа ҳафталик” бўлиб ўтди.
Контент маркази, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда беш кун алоҳида йўналишларда газета, журнал ва интернет нашрлари раҳбар ва ходимлари, тележурналистлар, операторлар, маҳаллий ҳокимлик ва идоралар, муассасаларнинг ахборот хизмати раҳбарлари замонавий медиадаги амалиёт, муаммо ва уларнинг ечимлари ҳақида, журналистика, рақамли медиа ва ахборот технологиялари йўналишларида қизиқарли маълумотларга эга бўлди. Долзарб мавзулардаги семинар-тренинг сабоқлари, интерактив машғулотлар ўтказилди. Амалиётни назария билан бирлаштириб, ўзаро тажриба алмашди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Блогерлар, мобилографлар, SMM мутахассислари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ҳафталикда “Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази”нинг энг тажрибали экспертлари, Контент маркази мутахассислари, пойтахтимиздаги нуфузли оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, “Ёш мобилографлар мактаби” менежерлари, SMM мутахассислари сурхондарёлик медиа соҳаси вакилларига бор билим ва кўникмаларини ўргатди. Стратегик ва кризис коммуникациялар, ахборот олиш ҳуқуқи ва очиқлик стандартлари, фактчекинг ва фейкларга қарши кураш, AI орқали контент яратиш, медиада янги замонавий имкониятлардан фойдаланиш, аудиторияни жалб этиш ва кенгайтириш механизмлари, SMM стратегиялари, шахсий бренд ва медиа позицияга оид машғулотлар ўтказди.
– Машғулотлар жуда қизиқарли бўлди, – дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги шарҳловчиси И.Аввалбоев. – Ҳар бир семинар-тренинг ўзаро тажриба майдонига айланди. Бир-биримизга билганимизни ўргатиб, фикр алмашдик. Баҳс-мунозараларга киришдик. Газета ва журналларда ўқувчиларни жалб этадиган сарлавҳалар танлаш, уларни ижтимоий тармоқлар орқали аудитория билан боғлаб, ўқувчилари сафини ошириш каби муҳим янги технологиялар ҳақида суҳбатлашдик. Энг муҳими воҳада бу янгиликларга қизиқувчилар кўплигидан қувондик. Гап энди соҳа ходимларининг уларни амалиётда қандай қўллай олишида, холос.
Тажрибали эксперт мутахассислар ҳафталикда дунё медиа трендларини миллий муҳитга мослаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш масалаларида ташкил этилган маҳорат дарслари контентлар сифати ва сонини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Бунга аксарият ёшлар ҳафталик кунлари тайёрлаган материалларни мисол сифатида келтирмоқда.
– Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги йирик халқаро савдо марказида ўтказилган “Медиа ҳафталик” қўшни давлат соҳа вакилларига ҳам манзур бўлганини кўрдик, – дейди тажрибали медиа-тренер Б.Алимов. – Улар ижтимоий тармоқ орқали ҳафталикни кузатиб, иштирок этиш истагини билдиргани бизга қувонч улашди. Демак, дастурларимиздан ўрин олган назарий билимлар билан бирга амалиётга алоҳида эътибор қаратилгани Амударёнинг нариги қирғоғидаги медиа соҳаси вакилларида катта қизиқиш уйғотган.
“Медиа ҳафталик” якунида ўтказилган медиа форумда 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбир медиа ҳафталик якунига бағишланган видеоролик намойиши билан бошланди.
Форумда Сурхондарёда медиа соҳасида ҳам бой тажрибага эга мактаб мавжудлиги ва айни пайтда ҳам етук журналистлар Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни воҳа мисолида ёритиб бораётгани таъкидланди. Ҳафталик иштирокчилари ахборотни олиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлагани қайд этилди.
[gallery-28834]
Форум қатнашчилари Контент маркази, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, АТ “Алоқабанк”, Ёшлар ишлари агентлиги, Сурхондарё вилояти туризм бошқармасининг қизиқарли тақдимотлари билан танишди. Ҳафталикда энг фаол иштирок этган қатнашчиларга махсус сертификат топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА