Жанггоҳлардан омон қайтганлар
9 май - Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари жуда кўп мамлакатлар, халқларни ўз домига тортди. Жумладан, ўзбек халқи ҳам ушбу урушда минглаб асл ўғлонларидан айрилди.
Собиқ совет армияси сафларида фашизмга қарши олиб борилган курашда ўзбек жангчилари, хусусан, андижонлик жангчилар ҳам мардлик, жасорат намуналарини кўрсатган. Иккинчи Жаҳон урушида Останақул Шокиров, Осман Яқубов, Абдулазиз Йўлдошев, Тўхтасин Мирзаев, Ғулом Ёқубов, Сульги Лутфуллин сингари Андижон фарзандлари ўша даврнинг энг юксак мукофоти - Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.

Айни кунда Андижон вилоятида уч нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда 200 нафарга яқин фронторти меҳнат фахрийлари эл-юрт ардоғида ҳаёт кечирмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан омон қайтган юртдошларимиз-дан бири Пахтаобод тумани, Бобур маҳалласида яшаётган Умарали Отабоев 101 ёшни қарши олди. У 1942 йилнинг август ойида урушга сафарбар қилинган. 1944 йилнинг октябрь ойида жароҳат олиб госпиталга даволанади ва яна фронтга кетади. 1945 йилнинг февралида жангларнинг бирида жароҳат олади ва яна даволанишга ётади. У ғалабани шифохонада нишонлайди.

Иккинчи жаҳон урушининг оловли жанггоҳларидан омон қайтган юртдошларимиздан яна бири Булоқбоши тумани, Учтепа маҳалласида яшаётган Абдуғани Ғоппоров ўн етти ёшида урушга сафарбар қилинган. Уруш бошланган 1941 йилдан то Ғалабага қадар турли фронтларда босқинчиларга қарши аёвсиз жангларда иштирок этди, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Бугун ўзининг қутлуғ 102 ёшини қарши олган отахон фарзанд, набира, чевара ва эваралари, ҳамқишлоқлари, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Марҳамат тумани, Пахтакор маҳалласи, Намуна кўчасида яшаётган 101 ёшли Имин Темиров ҳам урушдан соғ-омон қайтганлардан. 1942 йилда мактабни тамомлаб, 17 ёшида фронтга кетган Имин Темиров артиллерия қўшинлар таркибидаги ҳарбий қисмда Белоруссия, Польшани озод қилишда қатнашди.

1945 йилнинг бошларида у хизмат қилган ҳарбий қисм Узоқ Шарққа, Сахалинга юборилди. Курил оролларида япон милитаристларига қарши жангларда қатнашди. Уруш тугагач, Сахалиндаги ҳарбий қисмда беш йил хизматни давом эттиради. Саккиз йил деганида уйига кириб келади.
Умарали Отабоев, Абдуғани Ғоппоров, Имин Темиров, сингари инсонлар орамиздаги тирик қаҳрамонлар. Уларнинг мардлиги, жасорат ва қаҳрамонликлари, ибратли ҳаёт йўллари бугунги ва келажак авлод учун ибрат мактабидир.
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида мардлик, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган, бугун фарзанд, набира, эвара ва чеваралари, маҳалладошлари, бутун халқимиз ардоғида, эл-юртга тинчлик-омонлик, қут-барака тилаб, дуода яшаётган табаррук инсонларни қадрлаш бизларнинг бурчимиз.
Куни кеча жанггоҳларда мардлик кўрсатган юрт қаҳрамонларига Президентимизнинг табриги етказилиб, уларга совға-саломлар ва пул мукофотлари топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.