Жамшид Қўчқоров Япония делегацияси билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари -иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хирата Кендзи бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда икки давлат ўртасида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар мавжуд ҳамкорлик лойиҳаларини ривожлантириш ва янги ташаббусларни амалга оширишнинг аҳамиятини қайд этди.
Шунингдек, мулоқотда асосий эътибор энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва инсон капиталини кучайтириш масалаларига қаратилди. Шу билан бирга, “Бир қишлоқ - бир маҳсулот” дастури доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ ҳудудларида бандликни ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур учрашув доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида икки муҳим лойиҳа юзасидан ноталар алмашинуви маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, биринчи лойиҳа ижтимоий биноларда энергия самарадорлигини ошириш бўлиб, унинг доирасида мамлакатдаги мактаблар ва тиббиёт муассасалари замонавий энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланади. Лойиҳа туфайли давлат муассасаларида энергия сарфини камайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш таъминланади.
Иккинчи лойиҳа эса саноатда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, у корхоналарда энергия тежамкор технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Шунингдек, корхоналар учун энергия тежовчи ускуналарга инвестиция киритиш мақсадида паст фоизли ва узоқ муддатли кредитлар ажратилиши режалаштирилган.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалий лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда белгиланган йўналишларда изчил ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА