Жамоалар майдонда бор имкониятларини ишга солишди
Маҳаллада спортга яратилган шароит — ёшлар учун янги имконият, уларнинг ҳар бир ғалабаси эса соғлом ва баркамол авлод сари қўйилган қадамдир. «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида спортнинг гандбол тури бўйича «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги»нинг Сирдарё вилояти босқичида бу фикрнинг амалий ифодаси яна бир бор намоён бўлди.
Мусобақанинг дастлабки босқичларида вилоятдаги 221 та маҳаллада истиқомат қилувчи 17–30 ёшли йигит-қизлар катта қизиқиш билан иштирок этишди. Жами 13 минг 208 нафарга яқин ёш мусобақада қатнашиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтди. Бу рақамлар маҳаллаларда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилаётган эътибор тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган энг кучли жамоалар вилоят босқичида ғолиблик учун майдонга тушди. 11 та туман ва шаҳардан келган 220 нафар иштирокчи — 110 нафар йигит ва 110 нафар қиз жамоавий баҳсларда ўз маҳоратини намойиш этди.
[gallery-30992]
Беллашувлар давомида спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги, тактик фикрлаши ва жамоавий ҳаракати синовдан ўтказилди. Ҳар бир учрашув муросасиз кечиб, ғалаба учун курашган жамоалар майдонда бор имкониятларини ишга солдилар.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Гулистон шаҳрининг Баҳор маҳалласи жамоаси энг яхши натижани қайд этиб, 1-ўринни эгаллади. Сайхунобод туманининг Олға маҳалласи жамоаси 2-ўринга муносиб кўрилди.
Ўғил болалар ўртасида эса Мирзаобод туманининг Ойдин маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Сардоба туманининг Бўстон маҳалласи жамоаси 2-ўринни, Ховос туманининг Гулбаҳор маҳалласи жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА