Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш — умумий вазифа
Бугунги кунда жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий ишларни янги мазмун билан бойитиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, жамият тараққиёти нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки инсонларнинг маънавий дунёси, ижтимоий фаоллиги ва бирдамлиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан Гулистон шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида «Жамиятда маънавий муҳит ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш» мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов вилоятда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, ижтимоий ҳамжиҳатликни кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, сўнгги ўн йил мобайнида вилоятда маънавий-маърифий соҳада қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида республикада биринчи бўлиб вилоятнинг 11 та туман ва шаҳрида Маънавият ва маърифат масканлари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди.
Маънавий-маърифий ишларни бевосита корхона ва ташкилотлар фаолияти билан уйғунлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили мулкчилик шаклидан қатъи назар 670 та корхона ва ташкилот билан икки томонлама «Йўл харита»лари имзоланиб, уларда маънавий-маърифий йўналишда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинмоқда. Шунингдек, ташкилотларда ушбу ишларга масъул ходимларнинг ахборот базаси мунтазам янгиланиб борилмоқда.
[gallery-31351]
Жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида бир йил давомида 90 та вилоят, 330 та туман ва шаҳар ташкилоти ҳамда корхоналари, 313 та умумтаълим мактаби ва 221 та маҳалла фуқаролар йиғини, жами 954 та корхона ва идора фаолияти таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.
Маънавий муҳитни баҳолашда замонавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Театр, радио ва ижтимоий тармоқларда «Маънавий экспертиза» лойиҳаси йўлга қўйилиб, жамият маънавий ҳаётидаги жараёнларга таҳлилий ёндашув кучайтирилди. Маҳаллалар билан ишлашда ҳам янги ёндашувлар шаклланмоқда. Ширин шаҳри ва Мирзаобод туманидаги 149 та маҳаллада «Маърифат» радиоузеллари фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятдаги 221 та маҳалланинг ижтимоий-маънавий муҳитидан келиб чиқиб, ёшлар етакчилари билан қўшма дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, 221 та маҳаллада Маънавият ва маърифат кенгашлари фаолияти намунали ташкил этилган.
Аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тарғиботни кучайтиришда «Маърифат тарғиботчилар жамияти»нинг ўрни ҳам салмоқли. Унинг аъзолари сони 310 нафардан 710 нафарга етказилди.
Айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва китобхонликка қизиқишини ошириш борасидаги лойиҳалар кенг қамров касб этмоқда. Вилоятнинг энг олис маҳаллаларида «Кинокарвон» лойиҳаси 1 460 маротаба ташкил этилиб, аҳолига маънавий-маърифий мазмундаги фильмлар намойиш қилинди.
Янги қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотларида 34 маротаба «Сиёсий-маърифат соатлари» ўтказилди.
Китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар эса ўз самарасини бермоқда. «Янги уйғониш даври — китоб ва кутубхонадан бошланади», «Она китоб ўқиса» шиорлари остида 150 маротаба китобхонлик анжумани ўтказилиб, уларда 27 минг 320 нафар китобхон иштирок этди. Маънавий-маърифий соҳадаги янгилик ва ютуқларни кенг тарғиб қилиш мақсадида 120 та видеоролик, 43 та слайд ва 15 та инфографика тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.
2025–2026 йилларда эса вилоятда 39 мингта тадбир, фестиваль ва форум ташкил этилиб, уларда 750 мингдан ортиқ аҳоли иштирок этди. Тадбирлар орқали аҳолининг 79 фоизи қамраб олингани соҳадаги ишлар кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Маънавий муҳитни шакллантиришда болаликдан бошланган тарбиянинг ўрни беқиёс. Шу мақсадда мактабгача таълим ташкилотларида «Маърифатли бувижон» лойиҳаси йўлга қўйилди. Ҳар ҳафтанинг жума куни болажонларга эртаклар айтиб бериш, миллий қадриятлар ва халқ оғзаки ижоди намуналарини етказишга қаратилган ушбу ташаббус 99 маротаба намунавий тарзда ташкил этилиб, 7 920 нафар болани қамраб олди.
Шунингдек, 11 та туман ва шаҳарда «Илк китоб жавоним» лойиҳаси доирасида 1 100 дан зиёд эртак китоблари тўплами болажонларга тақдим этилди.
Вилоятда маънавий-маърифий муҳитни шакллантириш жараёни маданият, адабиёт ва санъат билан ҳам уйғунлаштирилмоқда. 2024 йилда сирдарёлик 50 га яқин ижодкорнинг асарларини жамлаган «Жаннатимсан, Сирдарё» китоби нашр этилди. Сирдарё бўйида «Маънавий олам сеҳри» республика мусаввирлар анжумани ўтказилди. 2023 йилда Ширин шаҳридаги Маънавият ва маърифат масканида Алишер Навоий ҳайкали барпо этилди.
Маънавият масканларининг моддий ва маърифий имкониятларини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. «Сайхунобод» тажрибаси асосида Мирзаобод туманида «Маънавият маскани» ва «Маърифат кутубхонаси» мажмуаси ташкил этилди. Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида енгил конструкцияли «Маърифат маскани», «Маърифат кутубхонаси» ва «Маърифат боғи» барпо этилди. Сирдарё туманида эса биринчи, иккинчи ва учинчи Ренессанс ғояларини бирлаштирувчи «Эзгу ниятлар хиёбони» ташкил этилди.
Маҳаллаларда тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олиш борасида ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда махсус дастур ишлаб чиқилди.
Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳам эътиборга молик. Сайхунобод туманида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари О. Ҳасанов иштирокида ўтказилган «Раҳбар ва ёшлар» учрашувида билдирилган ташаббус асосида Гулистон давлат педагогика институтида 100 нафар ёш ижодкорнинг шеърлари жамланган «Ватандош» китоби тайёрланиб, унинг тақдимоти ўтказилди.
Вилоятда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар мавзуси ва қамрови ҳам тобора кенгайиб бормоқда. «Тамаддун, маданият, маърифат» мавзусидаги «Маърифат карвони», «Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз», «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» шиорлари остидаги «Умуммиллий бирдамлик фестивали», шунингдек, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остидаги «Маънавият фестивали» ҳамда илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари аҳолида дахлдорлик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими, Гулистон давлат университети ва Гулистон давлат педагогика институти ҳамкорлигида ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Унда олий таълим муассасаларининг проректорлари, декан ўринбосарлари ва тьюторлар иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида жамиятдаги маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни кучайтириш, ёшлар тарбиясига эътиборни ошириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларнинг жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ижтимоий масъулиятни кучайтириш ва эзгу ғояларни кенг тарғиб этишдаги ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зеро, маънавият — бир кунлик ёки мавсумий тадбирлар билан чекланадиган тушунча эмас. У инсон тафаккури, оила тарбияси, таълим, маҳалла муҳити, китобхонлик, маданият ва ахборот маконидаги жараёнлар билан узвий боғлиқ. Шу боис бу борадаги ишлар қанчалик тизимли ва изчил ташкил этилса, жамиятда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғулари шунчалик мустаҳкамланади.
Тадбир якунида очиқ мулоқотда фаол иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерларга китоблар жамланмаси ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА