Жаҳон кубоги: Феруза Казакова ишончли ғалаба билан кейинги босқичга йўл олди
Феруза Казакова Хитойда ўтаётган бокс бўйича жаҳон кубогини ишончли ғалаба билан бошлади. Ҳамюртимиз германиялик Махи Клотзерни йирик ҳисобда мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди.
Хитойнинг Гуиянг шаҳрида бокс бўйича ўтаётган “World Boxing” ташкилоти кубогининг навбатдаги кун беллашувларида Ўзбекистон терма жамоасидан фақат бир нафар спортчи рингга кўтарилди.
-51 килограмм вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Феруза Казакова мусобақадаги иштирокини германиялик Махи Клотзерга қарши жанг билан бошлади. Беллашув давомида устунликни ўз қўлида ушлаб турган ҳамюртимиз рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Таъкидлаш жоиз, Казакова ва Клотзер жорий йилда учинчи бор ўзаро тўқнаш келмоқда. Бунга қадар Болгарияда ўтказилган нуфузли “Странжа” турнирида Феруза ғалаба қозонган бўлса, Бразилиядаги жаҳон кубогида немис боксчиси устун келган эди.
Шунингдек, кеча мусобақада иштирок этган яна икки нафар вакилимизнинг жанглари ҳам якунланди. -55 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан Самандар Олимов озарбайжонлик Амин Маммадзадага қарши баҳс олиб борди. Муросасиз кечган жангда ҳамюртимиз 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди.
-80 килограмм вазн тоифасида Жавоҳир Умматалиев эса мусобақадаги илк жангини муваффақиятли ўтказди. Қуръа натижасига кўра, у дастлабки босқичдаёқ Қозоғистон вакили Сабиржан Аккаликовга қарши рингга кўтарилди. Кескин ва шиддатли кечган беллашувда Умматалиев 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА