Жаҳон чемпионати финали дипломатик учрашувга айланди
Қарийб икки йил давом этган дипломатик тарангликдан сўнг Испания бош вазири Педро Санчес ва Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп Нью-Жерсида бўлиб ўтган 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати финалида илк бор юзма-юз кўришди.
Икки етакчи Испания ва Аргентина ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсни биргаликда кузатди. Таъкидланишича, ушбу мундиални давлат раҳбарлари учун ажратилган махсус секторда Испания қироли Филипп VI ва қиролича Летиция ҳам томоша қилган.
Вашингтон ва Мадрид ўртасидаги муносабатлар сўнгги икки йил ичида асосан мудофаа харажатлари масаласида кескинлашган эди. Ўтган ой Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитидан кейин вазият маълум даражада юмшади. Қўшма Штатлар раҳбари Испания альянс олдидаги мудофаа мажбуриятларини сезиларли оширишга рози бўлганини таъкидлаб, мамлакат “ўзини тўлиқ оқлади”, деган баҳо берди. Бу эса аввалроқ Мадридни қаттиқ танқид қилган Трампнинг позицияси ўзгарганини кўрсатди.
Педро Санчес эса Испания ўз зиммасидаги мажбуриятларни аллақачон бажараётганини ва мудофаа соҳасига ажратилаётган маблағлар сезиларли кўпайганини билдирди. Шу билан бирга, у альянс талаб қилаётган мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш таклифини “асоссиз ва самарасиз” деб ҳисоблашини яна бир бор таъкидлади. Финал учрашуви олдидан Испания миллий телеканалига берган интервьюсида бош вазир Қўшма Штатларнинг 250 йиллиги муносабати билан Дональд Трампни табриклади.
Икки давлат ўртасидаги келишмовчиликлар фақат мудофаа билан чекланмайди. Мадрид Ғазодаги Исроил ҳарбий амалиётларини геноцид деб баҳолаган бўлса, Америка маъмурияти бу таърифни қатъий рад этган. Шунингдек, Эрон билан боғлиқ можаро кучайган пайтда Испания икки томонлама мудофаа келишувига таяниб, Рота ва Морондаги Америка ҳарбий базаларидан ушбу можаро билан боғлиқ операцияларда фойдаланишга рухсат бермагани ҳам икки пойтахт ўртасидаги зиддиятни янада чуқурлаштирган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА