Жаҳон банки Ўзбекистоннинг шаҳарсозлик ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасида Жаҳон банки вакиллари иштирокида урбанизация, уй-жой сиёсати ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантириш масалаларига бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда жадал кечаётган урбанизация жараёнлари, замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини жорий этиш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама марказида бўлди.

Хусусан, Ўзбекистон делегациясининг Бутунжаҳон урбанизация форуми — WUF13 тадбирида иштирокини ташкилий ва институционал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, форум доирасида мамлакатимизда урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш, шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва янги ёндашувларни халқаро майдонда намойиш этиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда урбанизация ва уй-жой сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ҳамда истиқболда режалаштирилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шаҳарсозлик ва геомаълумот тизимларига рақамли ҳамда замонавий технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратилди.
Миллий қўмита ходимлари учун Европанинг етакчи университетлари профессорлари иштирокида малака ошириш курслари ва махсус ўқув дастурлари ташкил этиш белгиланди.

Таъкидланганидек, бу каби ҳамкорлик лойиҳалари шаҳарларни комплекс ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА