Жаҳолатга қарши маърифат
Маънавият ва маърифат жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади.
Чунки маънавият ривожлангандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик вужудга келади, маърифатли, билимли, зиёли инсонлар бор ерда эса мамлакат ва миллат тараққий этади.
Ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли жойларида рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги чуқур ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки унга қарши куч ишлатилса, зўравонлик воситасида кураш олиб борилса, жаҳолат аввалгидан ҳам баттарроқ кучайиб кетиши аниқ. Шу ўринда, Имом Бухорий хазратларининг «Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам» деган таъкидлари, айни ҳақиқатдир.
Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги “Чинбой” МФЙда ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” номли давра суҳбатида худди шу мавзуда муҳокамалар бўлди. Ёш авлодни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳар хил маънавий таҳдидлардан асраш ҳамда экстремизм ғояларига берилишнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган ушбу давра суҳбатида Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳаким Сатторий, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси Зиёда Акбарқулова, Олмазор тумани Диний ишлар бўйича мутахассиси Абдуғаффор Қаюмов, Олмазор тумани Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Муаззамхон Алибоева, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мансур Мусаев, “Чинбой” МФЙ раиси Музроб Юнусовлар сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун аввало киши организмида унга қарши курашувчи иммунитет ҳосил қилиниши зарурлигини, ёшларда она Ватанимизга бўлган муҳаббат, ота-боболаримиз каби ўз тарихимизга, динимизга садоқат туйғуларини кўпроқ шакллантириш, улар онгида ва қалбида мафкуравий, маънавий иммунитетни кучайтириш муҳим эканлигини таъкидладилар. Комил инсонни, соғлом авлодни тарбиялаш учун ғоявий бўшлиққа йўл қўймаслик, бўшлиқ ўрнини вайронкор ва бузғунча ёт ғоялар эгаллашини олдини олиш учун эса фақат ўқиш, илм ўрганиш жоизлигини асосли тарзда тушунтирдилар.
Тадбирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи модераторлик қилди ва ўз ижод намуналаридан ўқиб, йиғилганларни хушнуд этди. Маҳалла кутубхонасига Марказ томонидан чоп этилган китоблардан совға қилинди.
Ойдин ЙЎЛДОШЕВА, ЎзА