Жадидларнинг боболарига муносиб набиралари
Самарқанд вилояти матбуот уйида “Зарафшон” газетаси – жадидлар мероси ва авлодлар кўприги” мавзусида маърифий учрашув ўтказилди.
Унда Туркистон миллий жадидчилик ҳаракатининг йирик вакиллари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Саидризо Ализода ва Ҳожи Муин авлодлари иштирок этди.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ўз вақтида буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган газета таҳририятига келган улуғлар авлодларига миннатдорлик билдирди.
– Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Ҳожи Муин, Абдурауф Фитрат, Акобир Шомансуров, Ғози Юнус сингари халқимизнинг маърифатпарвар инсонлари, жадид боболаримиз фаолият кўрсатган газета иши давомчилари эканимиздан фахрланамиз, – деди Ф.Тошев. – Ва ҳамма вақт уларнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишни бурчимиз деб биламиз. Бу борада бизга яқиндан ёрдам бераётган, қўллаб-қувватлаётган буюк боболаримиз авлодларига миннатдорлик билдираман. Масалан, Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий ёрдамида китоб яратдик. Фарҳод Ализода бобоси Саидризо Ализоданинг хорижий давлатларда сақланаётган китоблари, у билан боғлиқ ашёларни келтириб, юртимизда ягона бўлган “Зарафшон воҳаси матбуоти тарихи” музейига тақдим этди. Ушбу музейга Ҳожи Муин авлодлари томонидан ҳам қимматли маълумот ва буюмлар тақдим этилди. Самарқандлик жадидларнинг яқин ҳамкори, ҳаммаслаги бўлган яна бир маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг набираси Жамшид Авлонийнинг таклифимизга розилик билдириб, Самарқандга, мазкур учрашувга келгани учун миннатдорлик билдирамиз.
Учрашувда жадидлар авлодлари боболари ҳаёти, илмий-ижодий, педагогик фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар, ота-оналаридан эшитган хотираларни гапириб берди.
Хусусан, узоқ йиллар хорижда яшаб, меҳнат қилган ва айни пайтда юртимиз илм-фани соҳасида фаолият олиб бораётган кимёгар олим, профессор Жамшид Авлоний буюк маърифатпарварнинг ҳаёти, илмий-педагогик фаолияти, адабиёт ва таълим тараққиётига қўшган ҳиссаси, унинг авлодларга қолдирган бой маънавий мероси ҳақида сўзлаб берди.
– Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Ҳожи Муин сингари жадидлар Самарқандда янги усул мактаблари очиб, дарсликлар ёзган, газета-журналлар ташкил қилган бўлса, бобом Тошкентда шундай фаолият билан шуғулланган, – дейди Жамшид Авлоний. – Табиийки, бу борада улар яқин ҳамкор, ҳамфикр бўлган. Бу ҳақда отам – Кенжа Авлонийнинг бобом ҳақидаги хотираларида эшитганман, тарихий манбалардан маълумотларга эга бўлганман. Мисол учун, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасини саҳналаштиришда маҳаллий хотин-қизлардан роль ижро этадиган актриса топилмагани учун бобом Грузиядан актриса таклиф қилган экан. Жадид мактаблари учун дарсликлар яратиш ва алмашишда ҳам боболаримиз яқин ҳамкор бўлишган.
Учрашувда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий бобосининг миллий уйғониш ҳаракатидаги ўрни, журналистика ва театр санъатини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари, жадидлик ғояларининг бугунги аҳамияти хусусида фикр билдирди.
[gallery-31333]
– Жадидларнинг фаолияти, меросини ўрганишга бугун жуда катта эътибор қаратилиши билан бирга уларнинг шахси улуғланмоқда, – деди Шоҳруҳ Беҳбудий. – Жумладан, бизнинг бобомизнинг Ватанимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматлари эътироф этилиб, давлат мукофоти берилди, пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳайкал ўрнатилди, Самарқанд шаҳрида Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ташкил қилинди, таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланди. Бизни тез-тез турли маърифий тадбирларга, учрашувларга таклиф этишади, бобомиз ҳақидаги хотиралар, маълумотлар билан қизиқишади. Буларнинг барчаси Президентимизнинг жадид боболаримиз ҳаёти ва меросини ўрганиш, уларнинг юртимиз ва халқимиз олдидаги хизматларини эътироф этиш, қадр-қимматини жойига қўйишга бўлган жуда катта эътиборлари самараси деб биламан.
Самимий руҳда кечган мулоқот давомида Саидризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализода бобосининг таржимонлик ва маърифатпарварлик фаолияти, унинг илм ва замонавий тафаккурни кенг ёйиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида тўплаган қизиқарли маълумотлари ҳақида гапириб берди. Ҳожи Муиннинг набираси Бахтиёр Баҳриев ҳам бобосининг ҳаёти ва ижодий фаолияти, жадид матбуоти ривожидаги ўрни, халқни саводли ва маърифатли қилиш йўлидаги фидокорона меҳнати ҳақидаги хотираларини ёдга олди.
Тадбир давомида меҳмонлар вилоят матбуот тарихи музейи, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталари таҳририятлари фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, Тойлоқ тумани Бахшитепа маҳалласидаги “Беҳбудий боғи” ва маърифат масканида ҳам бўлди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари