Жадид боболаримиз ҳақида яна бир янги китоб
Йигирманчи асрда Туркистон ўлкасини мустамлакадан озодликка чиқишини орзу қилган, бу йўлда халқни ўқитиш, маърифатли қилиш учун бор куч, билимини аямаган жадид боболаримиз ҳақида, улар амалга оширган эзгу амаллар борасида қанчалик кўп билсак, маълумотга эга бўлсак, шунчалик яхши. Негаки, уларнинг бутун умри, ўлмас ижоди халқимиз, айниқса ёшлар учун бир маёқ, ибрат вазифасини ўташи муқаррар.
Шунинг учун айни пайтда юртимизда уларнинг хотирасини эъзозлаш, улар қолдирган меросни ўқиб-ўрганиш учун жуда катта амалий ишлар қилинмоқда. Мана яқинда таниқли ёзувчи Аббос Саиднинг “Мунаввар қорининг сўнгги нидоси” номли қиссаси нашрдан чиқди. Мазкур қисса асосан 23 ёшида ўз мактабини очган, нафақат Марказий Осиёда, балки Европада ҳам эътироф этилган жадид – Мунаввар қори ҳақидадир. У “Чор ҳукуматини йўқотиш жадидларнинг тилагида бор эди” деб ёзган эди 1920 йилдаги мақолаларидан бирида.
Китобни ўқир экансиз, унда азалий орзуси эрк бўлган жадид боболаримизнинг интилишлари, курашларигина эмас, Мунаввар қори ва унинг шогирди Тўлқин Турсунзода ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлар орқали ўша давр ҳаёти, миллатнинг асл фарзандларига қилинган ноҳақлигу адолатсизликлар, халқимизни руҳан синдиришга бўлган ҳаракатлардан хабардор бўласиз.
Тўплам “Ёшлар матбуоти” нашриётида уч минг тиражда чоп этилди. Қувонарлиси шундаки, муаллиф ушбу китоби учун Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган ”Ватан учун яшайлик” танловининг совриндорларидан бири бўлди.
Туроб Ниёз, ЎзА