Изланиш, имконият, самара
Қорақалпоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Мирзоҳид Жамоловни Голландияга таклиф қилишди. Лолалар юрти мутахассислари билан чорва молларининг насли ва маҳсулдорлигини янада ошириш борасида ўзаро тажриба алмашишни кўпдан буён дилига тугиб юрган Мирзоҳид ака учун бу айни муддао бўлди.
Қорақалпоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Мирзоҳид Жамоловни Голландияга таклиф қилишди. Лолалар юрти мутахассислари билан чорва молларининг насли ва маҳсулдорлигини янада ошириш борасида ўзаро тажриба алмашишни кўпдан буён дилига тугиб юрган Мирзоҳид ака учун бу айни муддао бўлди.Мамлакатимизда чорвачиликни янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Паркент туманида мазкур ҳужжат ижроси доирасида олиб борилган ишлар натижасида чорва моллари 42 минг бошдан ошди. Гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш ўтган йилларга нисбатан 8-10 фоизга кўпайди. Зооветеринария хизмати кўрсатиш тизими тубдан такомиллаштирилди, замонавий чорвачилик комплекслари ташкил этилди.
– Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларда наслли мол подаларини яхшилаш ва янада кўпайтириш мақсадида 2014 йилда хориждан 200 бошга яқин зотли моллар олиб келинди, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Суннатилла Хўжааҳмедов. – Натижада белгиланган режани ортиғи билан уддаладик. 50 минг тоннага яқин сут, 10 минг тоннадан ортиқ гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдик. Бунга “Обид ота”, “Тамбалак”, “Шуҳрат-Х” каби фермер хўжаликлари ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Илғор фермалар сафида “Обид ота”нинг ҳам тилга олиниши бежиз эмас. Боиси, Мирзоҳид Жамолов раҳбарлик қилаётган мазкур хўжалик аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини узлуксиз қондиришда пешқадамликни сира бой бермайди.
2005 йили ташкил этилган ушбу фермада ўтган йиллар давомида моллар ўнлаб бошга кўпайди, қўшимча молхоналар қурилди. Натижада хўжалик аъзоларининг моддий манфаатдорлиги ошди, янги иш ўринлари яратилди.
– Узоқ йиллик тажрибага эга чорвадорлар “Чорва яйловда семиради”, деб бежиз айтишмас экан, – дейди фермер М.Жамолов. – Хўжалигимиз сут ва гўшт маҳсулотлари тайёрлашга мўлжаллангани боис, сигир билан бирга бўрдоқи моллар ҳам парвариш қиламиз. Уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, қишлов учун озуқа ем захирасини мустаҳкамлашда яйловлар жуда муҳим ўрин тутади.
Фермер чорвачиликда туп қўйиб, палак ёзганларнинг фикрига таянди. Хўжалигига яқин ҳудуддан 91 гектар ер олди. Ўтган йили ўзининг, қолаверса, тижорат банкининг кредити эвазига четдан 102 бош қора ола наслли моллар келтириб, чорва сонини 370 бошга етказди. 15 нафарга яқин қишлоқ ёшларини иш билан таъминлади.
“Обид ота” фермасидаги туёқларнинг аксариятини четдан келтирилган наслли моллар ташкил этади. Шунинг учун Мирзоҳид ака уларни иқлимлаштириш, маҳсулдорлигини ошириш, бузоқ бериш хусусиятини янада яхшилаш борасида чет эллик чорвадорлар билан ҳамкорлик қилиш пайида бўлди.
“Ўзимдан-ўзим борсам, ҳеч ким қучоқ очиб кутиб олмайди. Бунинг учун арзирли иш қилиш керак!” деган ўйда фермер тинмай меҳнат қилди. Аниқ мақсад билан яшади. Юк кўтарган, юзага чиқади дейишганидек, Мирзоҳид ака нафақат туманда, балки Тошкент вилоятида моҳир чорвадор сифатида шуҳрат қозонди.
Голландия сафарига ҳозирлик кўраётган Мирзоҳид Жамолов истаги рўёбга чиққанидан хурсандлигини яширолмай шундай деди:
– Баъзан ўйлаб қоламан. Мустақиллик, Президентимизнинг доно ва оқилона сиёсати бўлмаганида, бугунгидек ер эгаси бўлиб, фаровон ҳаёт кечирармидик, элда обрў-эътибор топармидик? Мустақиллик ва изчил ислоҳотлар шарофати билан ер ўз эгасини топди. Чорвадору деҳқон қадр топди. Қўли пул кўрди, косаси оқарди, бири минг бўлди. Бугун шу бебаҳо неъмат туфайли қишлоқ мулкдори бўлдик. Президентимизнинг биз, фермерларга эмин-эркин ишлашимиз учун яратиб бераётган кенг шарт-шароитлари туфайли шундай натижаларга эришмоқдамиз. Демакки, ери – зар, суви – гавҳар юртимизнинг тупроғини кўзга сурсак арзийди!