Ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси ва аҳоли учун яратилаётган шароитлар ўрганилди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова Миробод туманида “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида Салор ва Фаровон маҳаллалари ҳудудида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси, аҳоли учун яратилаётган шароитлар ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганди.
Сенатор Салор маҳалласида “маҳалла еттилиги” вакиллари, аҳоли ва халқ депутатлари Миробод тумани кенгаши депутатлари билан учрашиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари билан танишди.
5 минг 258 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Салор маҳалласида 380 тадбиркорлик объекти, хизмат кўрсатишга ихтисослашган 780 хонадон ва 35 хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилган, янги иш ўринлари яратилган.
“Ободонлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида маҳалланинг Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишмасидаги кўп қаватли уйлар оралиғида микро боғ, болалар майдончалари ва дам олиш масканлари таъмирланиб, аҳоли учун маданий ҳордиқ чиқариш имкониятлари яхшиланмоқда. Ҳудудни янада обод ва кўркам қилиш ишларида маҳалла аҳолисининг фаол иштироки ҳам таъминланган.
Сенатор ҳашарда иштирок этаётган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади. Ҳудуддаги 94 - сонли умумтаълим мактабида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишиб, масъуллар билан суҳбатлашди.
Фаровон маҳалласида “маҳалла еттилиги”, аҳоли ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, ҳудудни ободонлаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
1 минг 638 нафар киши истиқомат қилаётган ушбу ҳудудда 198 тадбиркорлик субъекти, хизмат кўрсатишга ихтисослашган 48 хонадон ва 23 хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолият юритмоқда. Бу эса аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш баробарида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Сенатор Афросиёб кўчасидаги 12-уйда яшовчи уй боши З.Қудратов ҳамда шу манзилда фаолият юритаётган консалтинг фирмаси ходимлари билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида ҳудуд аҳолисининг кундалик эҳтиёжлари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига эътибор қаратилди.
***
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Севара Файзиева ҳамда Чилонзор туман кенгаши депутати Ойбек Туганбеков Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Кичик Хирмонтепа маҳалласида сайловчилар билан учрашди.
Унда Сенат ялпи мажлисида маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.
[gallery-30868]
Мулоқот давомида фуқаролар томонидан ҳудуддаги мавжуд муаммолар ва таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, айрим автомобиль ювиш шохобчалари томонидан пиёдалар йўлакларининг тўсиб қўйилиши ҳамда маҳалла ҳудудида мотопойгалар ўтказилаётгани юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Мазкур масалаларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ҳудудда тозалик ва озодаликка риоя этиш, ободонлаштириш тадбирларини янада жадаллаштириш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур ёрдам кўрсатилди.
Манзилли ўрганишлар якунида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, аҳоли мурожаатларига ечим топиш ҳамда ободонлаштириш ишларини тизимли давом эттириш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА