Ижодкорлар талаба ёшлар билан учрашди
Андижон давлат педагогика институтида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ижодкорлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири Рашид Хўжамов, Ўзбек Миллий академик драма театри ходими Ўзбектош Қиличев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Анвар Ботир иштирок этди.
Дастлаб тадбир меҳмонлари институтда яратилган замонавий шарт-шароитлар, талабаларнинг илмий-ижодий фаолияти, ёшлар ташаббуслари ҳамда маънавий-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Меҳмонлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида институт ҳудудида барпо этилаётган “Адиблар боғи”га талаба-ёшлар билан биргаликда кўчат экиб, табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда келажак авлодга яшил ва обод масканларни қолдиришдек эзгу ташаббусга ўз ҳиссаларини қўшди.


Ижодкорлар ҳамда институт профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирокидаги ижодий, маънавий-маърифий учрашув очилишида сўз олган институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Муҳаммаджон Парпиев ёшларнинг маънавий камолотида бадиий адабиёт, китобхонлик ва санъатнинг аҳамияти, шунингдек, ижодкорлар билан мулоқот тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Қизиқарли мулоқот ва савол-жавоблар асосида ўтган учрашув давомида адабиёт ва шеъриятнинг инсон тафаккурини юксалтиришдаги роли, журналистика ва театр санъатининг жамият ҳаётидаги ўрни, китоб мутолааси, миллий қадриятларни улуғлаш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ёшларнинг ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, тафаккурини юксалтириш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Меҳмонлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари, ижод йўлидаги изланишлари, касбий фаолиятининг муҳим жиҳатлари ҳақида гапирди. Талаба-ёшларни кўпроқ китоб ўқишга, мутолаа маданиятини юксалтиришга, пухта билим олишга чақирди, ижодкор ёшларга ўз истеъдодларини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди. Ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.


Тадбир меҳмонлари, ижодкор талаба ёшлар ўз ижодларидан намуналар ўқишди. Шунингдек, меҳмонлар институт кутубхонасига ўзларининг янги китобларидан совға қилди, институт жамоаси томонидан уларга эсдалик совғалари топширилди.
Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган, адабиёт, санъат ва таълимни ўзаро боғлаган мазкур тадбир ёшлар учун янги билим, илҳом ва ижодий рағбат манбаига айланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири