Ижодкорга эҳтиром, меросига эътибор
Навоий вилояти Нурота туманида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида журналист, шоир ва публицист Маҳмуд Мардиев таваллудининг 70 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди. Тадбир доирасида ижодкорнинг сара асарлари жамланган «Сокин қўнғироқ» китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Хотира тадбири вилоят марказидан 120 километр олисда, Айдаркўл ва тоғлар бағрида жойлашган Қизилча қишлоғидаги 22-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Маҳмуд Мардиев шу қишлоқда туғилиб ўсган ва мазкур мактабда таҳсил олган.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов Маҳмуд Мардиевнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, вилоят матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда адабий мероси ҳақида сўз юритди. Шунингдек, «Сокин қўнғироқ» китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этишда фаол иштирок этган устоз журналист Салима Умарованинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
– Бундай тадбирлар нафақат ижодкорлар хотирасини ёд этиш, балки ёш авлодда китобга, адабиётга ва маънавий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга, - дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Руслан Сабуров. – Маҳмуд Мардиевнинг ижодий мероси, ҳаёт йўли ва журналистик фаолияти ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Хотира кечасида ижодкорнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди. Мактаб ўқувчилари унинг Ватан, тинчлик, меҳр-муҳаббат ва эзгуликни тараннум этувчи шеърларидан намуналар ўқиди.
[gallery-32318]
Тадбир якунида мактаб кутубхонасига «Сокин қўнғироқ» китобидан нусхалар тақдим этилди.
Сирож АСЛОНОВ (суратлар), ЎзА