Ижодий имтиҳонлар бошланди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2020/2021 ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
2021-2022 ўқув йилида университетга ўқишга кириш учун 7 та бакалавриат таълим йўналишларига 10578 нафар абитуриентлар ҳужжат топширган. Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт ҳамда Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналишида касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 25 июлдан 7 август кунига қадар ҳудудлар кесимида ҳамда спорт турлари бўйича бўлиб ўтади.

Имтиҳонлар ўтказилишидан уч кун олдин абитуриентларнинг телефон рақамига СМС хабарнома юборилиб, уларга имтиҳон ўтказиш санаси, жойи ва вақти ҳақида маълум қилинган.
Бугун Андижон вилоятидан рўйхатдан ўтган 307 нафар спортчи абитуриентлардан жами 201 нафари касбий (ижодий) имтиҳонларни топшириш учун етиб келди. Шунингдек, теннис ва эшкак эшиш йўналишлари бўйича ҳудудлардан жами 448 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан, 267 нафари махсус техник жисмоний тайёргарлик ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича синовларда иштирок этди.

Узрли сабабларга кўра етиб келмаган абитуриентларга захира кунларда имтиҳонларни топширишга рухсат берилади.
Холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир имтиҳон ўтказиш жойи кузатув камералари билан жиҳозланган. Имтиҳон жараёнлари видеокамералар орқали ёзиб олинмоқда ва зарур бўлган ҳолатда ушбу видео тасвирларни кўриш имкони мавжуд. Шунингдек, имтиҳонларни адолатли ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида имтиҳон олувчи комиссия аъзолари сафига спорт федерацияларидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан мутахассислар таклиф этилган. Кўп йиллик тажрибага эга спорт мутахассислари жамоаси касбий (ижодий) имтиҳон жараёнларини одилона ўтказмоқда.

Шу билан бирга касбий (ижодий) имтиҳонлар жараёнини кузатиб бориш учун халқ депутатлари ва жамоатчилик кенгаши аъзолари жалб этилган. Энг асосийси ижодий имтиҳонларни ўтказишда карантин қоидаларига қатъий равишда амал қилинган ҳолда ҳар бир абитуриент норматив ҳужжатларда белгиланганидек ичимлик суви, тиббиёт ниқоби ва қўлқопи билан таъминланмоқда.
Университетда абитуриентлар учун қатор қулайликлар, жумладан касбий (ижодий) имтиҳон дастури ҳақида маълумотлар ва тавсиялар бериш ҳамда уларни қизиқтирган саволларига тезкор жавоб бериш мақсадида Call-center хизмати фаолият кўрсатмоқда.

Барча абитуриентларга омад тилаймиз.
ЎзДЖТСУ матбуот хизмати