Ижодий бирлашмаларнинг йиллик ва истиқболли иш режалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Маданият вазирлиги томонидан давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида санъат ва адабиёт йўналишларидаги ижодий бирлашмаларнинг фаолияти ҳамда уларнинг истиқболдаги иш режалари юзасидан муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда фармонда белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти, уларни амалиётга самарали татбиқ этиш механизмлари, шунингдек, ижодий бирлашмалар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ҳар бир ижодий бирлашманинг фаолияти давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегик мақсад ва устувор йўналишларга уйғун ҳолда ташкил этилиши зарур. Хусусан, миллий маданият ва санъатни янги босқичга олиб чиқиш, ижодкорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ёш истеъдодларни аниқлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, ижодий бирлашмалар томонидан ҳудудларда тизимли фаолият олиб бориш, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни тажрибали санъаткор ҳамда ижодкорларга бириктириш, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, танлов ва фестивалларни мунтазам ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий санъати ва замонавий ижод намуналарини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро фестиваль, кўргазма ва маданий форумларда фаол иштирок этиш, хорижий ҳамкорлар билан ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда миллий маданиятимизнинг жаҳон саҳналаридаги нуфузини янада ошириш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ҳар бир ижодий бирлашманинг йиллик ва истиқболли иш режалари аниқ мақсадли кўрсаткичлар асосида шакллантирилиши, амалга оширилаётган лойиҳалар натижадорлиги мунтазам таҳлил қилиниши ҳамда ижро интизомига қатъий риоя этилиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида масъулларга фармон ижросини сифатли таъминлаш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, ижодий бирлашмалар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг амалий натижадорлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Г.Бобоева, ЎзА