Июнь Ғарбий Европа тарихидаги энг иссиқ ой бўлди
Иқлимшунослар Европа жорий йилнинг июнь ойи ўрталари ва июль ойи бошида кучли иссиқ тўлқинларини бошдан кечирганини маълум қилди.
Биринчи тўлқин 17—22 июнь кунлари чўққисига чиқди ва Ғарбий ва Жанубий Европанинг катта ҳудудларига таъсир қилди. Айниқса, 30 июндан 2 июлгача бўлган даврда ўта иссиқ ҳарорат кузатилди.
Иккинчи иссиқлик тўлқини пайтида бир қанча мамлакатларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошди. Испания ва Португалияда ҳатто 46 даражага етгани қайд этилди. Эътиборли жиҳати, 30 июнь куни Ғарбий Европа минтақасида ўртача кунлик ҳарорат 24,9 даражага етди ва бу Европанинг бу қисми учун июнь рекордини янгилади.
Худди шундай ҳарорат 1 июль куни ҳам қайд этилган. Бу ҳолат минтақада қайд этилган энг юқори кунлик ҳароратлардан бири бўлиб, фақат мавсумнинг энг юқори чўққисида - июль ўрталаридан август ойининг ўрталарига қадар кузатилган.
Ғарбий Европанинг кўп қисмида, жумладан Испания, Португалия, Франция ва Буюк Британияда биринчи иссиқлик тўлқинининг бошланиши ва охиригача (17 июндан 2 июлгача) қайд этилган ўртача ҳарорат йилнинг шу даври учун 1979 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлди.
Бундан ташқари, 2025 йил июнь ойи Ғарбий Европада рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлди, ойлик ўртача ҳарорат 20,49 даражага чиқди. Таъкидлаш жоизки, бу 1991–2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 2,81 даражага юқори.
Глобал исиш нафақат қазиб олинадиган ёқилғининг ёниши натижасида юзага келадиган ҳаддан ташқари иссиқлик, балки бошқа таъсирларга ҳам боғлиқ. Масалан, ўта қизиб кетган атмосфера океанлар буғланишини кучайтиради, натижада ёғингарчиликлар кучаяди, тошқинлар юзага келади ваинсонлар ҳаётига катта зарар келтиради.
С.Раҳимов, ЎзА