“Iteca Exhibitions”нинг баҳор мавсуми халқаро кўргазмалари қандай натижалар билан якунланди?
Бугунги кунда кўргазмалар оддий намойиш майдони эмас, балки иқтисодиётни ҳаракатга келтирадиган, бизнесни бир-бирига боғлайдиган ва янги имкониятларни очадиган муҳим платформага айланган. Шу сабабли, “Global Exhibitions Day” ҳар йили соҳа вакиллари учун муҳим касбий сана сифатида кенг нишонланади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова Жаҳон кўргазмалар куни доирасида 2026 йил баҳор мавсуми натижаларига тўхталар экан, кўргазмаларнинг роли йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлайди:
– Кўргазмалар бугун фақат экспозиция эмас. Бу реал бизнес, музокара, ҳамкорлик ва инвестиция майдони. Шу ерда ғоялар аниқ лойиҳага, мулоқотлар эса шартномага айланади. 2026 йилги “Global Exhibitions Day”нинг “Кўргазмалар имкониятлар яратади” шиори ҳам айнан шу моҳиятни тўлиқ очиб беради.
“Iteca Exhibitions” Ўзбекистонда 1995 йилдан буён халқаро кўргазмаларни ташкил этиб келади ва шу давр ичида мамлакатда замонавий кўргазма саноатининг шаклланишига катта ҳисса қўшган. Бугун эса компания томонидан ташкил этилаётган тадбирлар халқаро бизнес майдонида тан олинган платформаларга айланган.
2007 йилдан буён ташкилотимиз Жаҳон кўргазма саноати ассоциациясининг (UFI) Ўзбекистондаги биринчи тўлиқ аъзоси сифатида халқаро стандартларни жорий этиш ва соҳа интеграциясини кучайтириш устида иш олиб бормоқда. “UzBuild”, “TIHE”, “CAITME” ва “OGU”каби йирик кўргазмалар эса “UFI Approved Event”мақомига эга бўлиб, минтақадаги энг муҳим саноат майдонларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
2026 йил баҳор мавсуми натижаларига келсак, бу даврда биз 12 та халқаро кўргазма, 4 та йирик анжуман ҳамда бир қатор семинар ва мастер-классларни ташкил этдик. Уларда 53 мамлакатдан 2 981 та компания ва бренд, 300 дан ортиқ спикер ва минглаб делегат иштирок этди. Умумий ташрифлар эса 77 мингдан ошди.
Бу рақамлар кўргазмаларнинг ҳақиқий натижа бераётганини кўрсатади: иштирокчилар янги бозор топмоқда, ҳамкорлик ўрнатмоқда, энг муҳими, реал имкониятларга эга бўлмоқда. Демак, бундай тадбирлар бугун иқтисодиётни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим драйвер дейиш мумкин.
Айтиш жоизки, ҳар бир кўргазма ортида янги ғоя, янги шериклик ва янги имкониятлар туради. Айнан шу жиҳат кўргазмаларни иқтисодий ўсишнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучига айлантирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА