Италия иқтисодиёт вазири мамлакатни огоҳлантирди
Италия Иқтисодиёт вазири Жанкарло Жоржетти давлат қарзини назорат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, бюджетини издан чиқарган мамлакат мустақиллигини йўқотиб, кредиторларга қарам бўлиб қолишини таъкидлади.
Мулозим сўзларига кўра, молиявий тартиб-интизом шунчаки рақам эмас, балки аҳолини қўллаб-қувватлашнинг ягона йўлидир. Зеро, қарз фоизи учун сарфланаётган ҳар бир ортиқча маблағ соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳалар бюджетини қисқартиради. Айни пайт Италия йилига қарийб 90 миллиард еврони айнан қарз фоизини тўлашга сарфлаяпти. Бу ҳақда ANSA хабар берган.
Ушбу баёнот Статистика институти – “Istat” томонидан бюджет дефицити кўрсаткичи эълон қилиниши арафасида янгради. Агар кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизидан пасайса, Италия Европа Иттифоқининг қатъий назорат жараёнидан чиқиб, энергетика ҳамда мудофаа харажати учун қўшимча эркинликка эга бўлади.
Жоржетти ҳозирча сармоядорларнинг мамлакатга ишончи сақланиб қолаётганини айтиб, ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасига қўшимча 6 миллиард евро ажратгани, тиббиёт ва нафақа жамғармалари фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигини қўшимча қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА