IT Park Uzbekistan: ёшлар учун ишга жойлашиш имкониятлари кенгаймоқда
Ўзбекистонда IT, BPO ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланиб, янги иш ўринлари кўпаймоқда.
Бу имкониятлар нафақат тажрибали мутахассислар, балки ўз касбий фаолиятини энди бошлаётган талабалар ва битирувчилар учун ҳам очилмоқда.
Шу мақсадда IT Park Uzbekistan иш берувчилар ва иш изловчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун ягона номзодлар базасини шакллантирмоқда. Унда номзодларнинг мутахассислиги, тажрибаси, тил билиши, кўникмалари ҳамда ишлаш истаги инобатга олинади.
Тегишли вакансиялар пайдо бўлганда, номзодларнинг резюмелари йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар, жумладан, IT Park Uzbekistan резидентларига кўриб чиқиш учун юборилиши мумкин. Бу иш изловчиларга ўз касбий профилини потенциал иш берувчиларга тақдим этиш учун қўшимча имконият яратади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Бунда дастурчи, QA-муҳандис, маълумотлар билан ишловчи мутахассис ва дизайнерлардан ташқари, маркетинг, савдо, мижозларга хизмат кўрсатиш, молия, бухгалтерия ва маъмурий бошқарув соҳаларидаги кадрларга ҳам талаб мавжуд.
Хорижий тилларни биладиган мутахассисларга эҳтиёж ҳам юқори. Хусусан, инглиз, рус, немис, француз, испан, турк, араб, хитой, япон ва корейс тилларини билган номзодларга халқаро компанияларда талаб бор.
Номзодларга иш берувчининг талабидан келиб чиқиб, офисда, гибрид ёки масофавий ишлаш имкониятлари таклиф қилиниши мумкин. Бу эса ҳудудлардаги ёшлар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Номзодлар базасини шакллантиришда Talent Park лойиҳаси муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Иш изловчилар махсус @talent_park_bot орқали ўз резюмеларини юборишлари мумкин. Долзарб вакансиялар ва карьера имкониятлари эса @talentparkuz Telegram-каналида эълон қилиб борилади.
Қайд этиш жоизки, базага рўйхатдан ўтиш автоматик равишда ишга жойлашишни кафолатламайди. Бироқ у мутахассисларга ўз имкониятларини IT Park Uzbekistan экотизимидаги компанияларга тақдим этиш учун қўшимча имконият яратади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА