IT Park Uzbekistan Осиё-Тинч океани минтақасининг энг яхши билимлар зонаси деб топилди
IT Park Uzbekistan "Global Free Zones of the Year Awards 2026" халқаро мукофотида Осиё-Тинч океани минтақасининг «Йилнинг энг яхши билимлар зонаси» номинацияси ғолиби бўлди.
Ушбу мукофот Ўзбекистоннинг IT соҳасини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ютуқлари халқаро эътирофидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва IT соҳаси учун кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси доирасида 1,7 миллион нафар ёш, «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» ташаббуси доирасида эса 1,3 миллион нафар иштирокчи таълим олган. Шунингдек, ёш мутахассисларни халқаро IT сертификатларини олишда қўллаб-қувватлаш учун 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Айни пайтда IT Park Uzbekistan экотизимида 4 минг 100 дан ортиқ компания фаолият юритиб, уларда 56 мингдан зиёд мутахассис меҳнат қилмоқда. 1 100 дан ортиқ экспортчи компания дунёнинг 102 та давлатига хизмат кўрсатмоқда. Мамлакатнинг ахборот-коммуникация технологиялари экспорти эса 1,1 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг стартап экотизими ҳам жадал ривожланмоқда. “StartupBlink Global Startup Ecosystem Index 2026” рейтингида мамлакат дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бири сифатида эътироф этилди.
IT Park Uzbekistan’нинг халқаро мукофотга сазовор бўлиши Ўзбекистоннинг минтақавий IT маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва глобал технология бозоридаги иштирокини кенгайтириш йўлидаги муҳим ютуқ ҳисобланади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА