Истиқлол нуридан мунаввар Ургут!
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги олдидан Ургут туманида шу мавзу доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказилди.
Учрашувлар зиёратдан бошланди
Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир қатнашчилари – Самарқандда туғилиб ўсган ва айни пайтда пойтахтимизда иш фаолиятини олиб бораётган, ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар, олим ва журналистлар, санъаткорлар дастлаб Кенагас қишлоғида Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов хотирасига бунёд этилган «Хамса боғи» ва Ғўс қишлоғидаги Ғавсул Аъзам қадамжосини зиёрат қилдилар.
Меҳмонларни кутиб олган Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов туманда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига кўрилаётган тайёргарлик, маҳаллаларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берди.
– Давлатимиз раҳбарининг яқинда Самарқандга ташрифлари чоғида туманимизда бўлиб, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиб, тадбиркорлар ва фаоллар билан суҳбатлашганлари, Ургутни янада ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берганлари олдимизга янги марралар қўйиб меҳнат қилишга ундади, – деди Б.Жабборов. – Аввало, бутун туманимиздан иқтисодий зона сифатида фойдаланиш имконияти яратилаётгани ва холдинг компания ташкил этилаётгани, Ургут инновацион ҳудудга айланаётгани, туманнинг янги марказини бунёд этиш ҳаракати бошлангани, Самарқанд давлат университети филиали очилаётгани ва бошқа янгилик, ўзгаришлар албатта, аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, барчамизга жўшқинлик бағишлади. Нафақат маҳалла ва қишлоқларимиз миқёсида, балки хонадонлар, оилаларда ҳам янгича яшашга, янгича меҳнат қилишга иштиёқ уйғонди. Қисқа вақт ичида юздан зиёд тадбиркорлик субъекти иш бошлади, бир нечта янги корхона ишга тушди, Ўроқбойжар, Ваткан-Қўзибек қишлоқларида «Обод қишлоқ» дастурлари асосида, Манғитобод, Сой Ғўс маҳаллари ва туман марказида ўз ички имкониятимиз ва ҳомийлар ёрдами билан обдонлаштириш-бунёдкорлик ишлари бошланди. Бу каби ишларга жойлардаги учрашувлар давомида ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.
– Сафаримизнинг зиёратдан бошлангани жуда хайрли иш бўлди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Маматқул Ҳазратқулов. – Икки қадамжо ҳам бугун ургутликлар фахрланадиган маскан, эзгу ишларни шу жойларга келиб, яхши ният ва дуолар қилиб бошлашни анъанага айлантиришган. Яхши биламиз, давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига раҳбарлик чоғида вилоятдаги кўп табаррук жойлар қаторида Ургутдаги Ғавсул Аъзам, Чор чинор зиёратгоҳларни обод қилишга бош бўлган, кўп хайрли ишларни амалга оширган. Бугун бу масканларни зиёрат қилиб, эзгу ишлар давом этаётганига гувоҳ бўлдик, руҳимиз енгил тортиб, қувват олди. Ургутлик ижодкорлар орасида шу пайтгача ягона бўлган Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, «Хамса боғи» яратилгани ва бу ерда шоирнинг музейи, кутубхонаси ташкил этилгани юртимизда ижод аҳлига бўлган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Барот ака ғурури баланд, жуда билимдон, ўзбек адабиётининг жонкуяр вакили эди. Айниқса, Алишер Навоий ижодий меросига қизиқиши, ихлоси баландлиги боис беш достондан иборат «Янги хамса» ва «Ўзбекнома» шеърий романини яратди.
Мактабларда ижодкорлар кўпаймоқда
Ғўс маҳалласидаги 153-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов, Тошкент давлат молия институти профессори Нишонбой Ҳусанов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори ўринбосари Рустам Жабборов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори ўринбосари Ғофир Ҳамроев юртимизда бугунги кунда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилган эътибор, давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида сўз юритдилар.
[gallery-2613]
– Бугун тилимизда «Учинчи ренессанс» деган сўз кўп такрорланмоқда, – деди А.Кўчимов. – Яхши биламиз, «ренессанс» сўзи «уйғониш, тараққиёт, ривожланиш» каби маъноларни ифодалайди. Биринчи ва иккинчи ренессанс кимлар номи билан боғланиши ҳам барчамизга яхши маълум. Айни пайтда юртимизда барча соҳаларда – у иқтисод бўладими, сиёсат ёки маънавиятми, қишлоқ хўжалиги ёки таълим, тиббиёт, туризм ва яна бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, оламшумул, тарихий ўзгариш ва янгиланишлар Учинчи ренессанс даври пойдевори сифатида баҳоланмоқда. Бу ишни эса ҳурматли Президентимиз бошчилигида сизу биз, шу муқаддас ва азиз Ватанимизнинг жонкуяр, меҳнаткаш, бунёдкор халқи амалга оширади. Айниқса, зукко ва юксак интеллектуал салоҳиятли ёшларимиздан умидимиз катта. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари сиз азиз йигит-қизларимизнинг яхши таълим-тарбия олишингиз, замонавий фанларни, чет тилларини пухта ўрганишингизни, тадбиркор, ишбилармон бўлишингизни истаяпти, бунга имконият яратиб бермоқда. Ёшлар бу имкониятни англаб, вақтнинг қадрига етиб, ҳар бир кундан, ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланишингиз керак.
Учрашувда ижодкорлар ўз асарларидан намуналар ўқиб берди. Ўқувчиларни мушоирага, ўз таклиф ва истакларини баён этишга чорлади. Бундан руҳланган истеъдодли ёшлари ўзлари ёзган шеърларидан ўқиди, бир қатор ташаббус ва ғояларини билдирди.
Деҳқонобод маҳалласида аҳоли ва ёшлар вакиллари билан учрашувда ҳам 37-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари фаол бўлди. Тошкентдан келган ижодкорларнинг сўзларидан сўнг, улар шу мактабда таҳсил олган ва яқинда таваллудининг 70 йиллигини нишонлаган қишлоқдошлари – Абдусаид Кўчимовни табриклаб, унинг шеърларидан намуналар ўқидилар, шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.
– Биз мактабимиздан, қишлоғимиздан Абдусаид ака сингари инсонлар етишиб чиққанидан фахрланамиз, – деди мактаб ўқувчиси Ойбека Ёқубова. – Шу билан бирга уларга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. Мактабимизда ижодкор ёшлар тўгараги ташкил этилган. Унда йигирмадан зиёд тенгдошларимиз аъзо бўлган. Тўгарак машғулотларида ўзимиз ёзган шеърлар, ҳикоя ва мақолаларни устозларимиз билан бирга муҳокама қиламиз. Бугунги учрашувдан ҳам кўп нарса ўргандик, таниқли шоирлар, журналистларнинг маслаҳатларни олдик.
Қоратепада адиб музейи очилди
Қоратепа маҳалласи аҳли, ижодкор ёшлар билан учрашув 41-умумий ўрта таълим мактабида шу қишлоқда камолга етган таниқли адиб, қалами ўткир журналист сифатида танилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Асад Дилмурод хотира музейи ва кутубхонасининг очилиши билан бошланди.
Ижодкорнинг дўстлари ва шогирдлари, ўқитувчилар ва олимлар, маҳалла аҳли музейдан ўрин олган тарихий суратлар, китоблар ва бошқа ашёларни кўздан кечириб, Асад Дилмурод ҳақидаги ўз хотираларини билдирди.
– Ургутдай сўлим, баҳаво маскан кўплаб истеъдодларга бешик бўлганини яхши биламиз, – деди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Асад ака ана шундай ижодкорлардан бири, қалами ўткир журналист, тарихий асарларни маромига етказиб ёзадиган ёзувчи эди. Мен у киши билан бирга ишламаганман, лекин кўп суҳбатларини олганман, ижодий мактаблари билан яхши танишман. Ижодкор сифатида ҳам, шу юрт фарзанди сифатида ҳам Ватанимиз ва халқимизга, унинг ўтмишига эътибори, меҳр-муҳаббати бошқача эди, бу борада ёш ижодкорларга ибрат эди. Мактабда адиб музейининг очилиши Қоратепадан Асад Дилмурод сингари яна кўплаб ижодкорлар етишиб чиқишига, ўқувчиларнинг ўз улуғларидан фахрланиб, уларга муносиб бўлишга интилишларини рағбатлантиришга хизмат қилади, албатта.
Учрашувда Ўзбекистон халқ ҳофизи Абдунаби Иброҳимов томонидан мумтоз қўшиқлар ижро этилди.
Айни пайтда улкан қурилиш майдонига айланиб, обод бўлаётган Манғитобод маҳалласи аҳолиси, нуронийлар ва ёшлар билан учрашувда ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов, «Жамият» ва «Оила даврасида» газеталари бош муҳаррирлари Мақсуд Жонихонов, Ҳусниддин Бердиев ва бошқалар юртимизда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида юртимизнинг олис ва чекка ҳудудлари ҳам обод этилиб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилаётганини алоҳида таъкидладилар. Бу саъй-ҳаракатлар Манғитобод маҳалласи мисолида таҳлил этилди.
Самимий ва юзма-юз мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар таълим-тарбияси ва келажаги, оилалардаги маънавий муҳит, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб- қувватлаш, хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш, кексаларга ҳурмат каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ватанни, истиқлолни улуғловчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.
Учрашувлардан сўнг ижодкорлар яқинда фойдаланишга топширилган «Ургут» марказий жоме масжиди ва тумандаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолият билан танишди.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА