Иссиқхонада янги технологиялар: халқаро тажриба Ўзбекистонга кириб келмоқда
Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш энди фақат кўпроқ маҳсулот етиштириш билан эмас, балки сув, энергия ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни амалиётга кенг жорий этиш билан ҳам боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, иссиқхона хўжалигини технологик жиҳатдан янгилаш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Испаниянинг “Globaltec” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказиб, замонавий иссиқхона технологияларини Ўзбекистон шароитига татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда фермерларни замонавий технологиялар бўйича ўқитиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни маҳаллий хўжаликларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, томонлар ўртасида аввал ҳам расмий мулоқотлар ўтказилиб, ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Ҳамкорлик доирасида фермерларни замонавий иссиқхона технологиялари бўйича тайёрлаш дастури ҳам ишлаб чиқилган.
Муҳокамалар давомида юқори технологияли иссиқхона комплексларини ташкил этиш, ўсимликларни сув ва озуқа моддалари билан таъминлашда самарали ечимлардан бири бўлган фертигация технологиясини жорий қилиш, иссиқхона тизимларини қуёш энергетикаси билан интеграциялаш масалалари кўриб чиқилди.
Эътиборли жиҳати, иссиқхона технологиялари бўйича ўқув-амалий марказ ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Бундай марказ фермерлар учун фақат назарий билим олиш маскани эмас, балки янги технологияларни амалда синаб кўриш майдонига айланиши мумкин.
Марказда фермерларга замонавий иссиқхона ускуналари ва технологияларидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ўтказиш, янги ечимларни хўжаликларда синовдан ўтказиш ва самарадорлиги исботланган тажрибаларни кенг жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу эса иссиқхона хўжаликларида сув ва энергия сарфини мақбуллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда фермерларнинг замонавий агротехнологияларни ўзлаштириши учун янги имкониятлар яратади.
Мутахассисларнинг билим ва кўникмасини ошириш, илғор технологияларни амалиёт билан боғлаш ва самарали тажрибаларни оммалаштириш орқали Ўзбекистонда иссиқхона хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА