Иссиқлик тизимига 529 миллиард сўм йўналтирилди
2026 йилги инфратузилмани ривожлантириш дастури доирасида иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Бу мақсадлар учун 529 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган бўлиб, натижада минглаб хонадонлар ва юзлаб ижтимоий объектларнинг иссиқлик таъминоти яхшиланади. Хўш, бу маблағлар қандай лойиҳаларга сарфланмоқда?
Мамлакатимизда аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, коммунал хизматлар самарадорлигини ошириш ва замонавий шаҳарсозлик инфратузилмасини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"Иссиқликтаъминоти" АЖнинг маълум қилишича, 2026 йилги инфратузилмани ривожлантириш дастури доирасида мавжуд иссиқлик таъминоти тизимларини янгилаш, эскирган тармоқларни алмаштириш ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этилган кўп қаватли уйларни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш ишлари изчил давом этмоқда.
Бугунги кунга қадар белгиланган йиллик режанинг салмоқли қисми бажарилди. Жумладан, жами 65,3 километр иссиқлик тармоқлари тортилиши таъминланиб, бу йиллик режанинг 43 фоизини ташкил этди. Шунингдек, режалаштирилган 19 та иситиш қозони ўрнатилиб, кўрсаткич 31 фоизга етказилди.

Қайд этилишича, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун ажратилган 529,1 миллиард сўм маблағнинг 244,7 миллиард сўми ўзлаштирилди, яъни ишлар бажарилиши даражаси 46 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, лойиҳаларни молиялаштириш учун 258,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди, бу эса умумий маблағнинг қарийб ярмига тенг.
Таҳлилларга кўра, амалга оширилаётган ишлар икки муҳим йўналишни қамраб олмоқда. Биринчи йўналиш — мавжуд иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш бўлса, иккинчиси — “Янги Ўзбекистон” массивларида мутлақо янги иссиқлик инфратузилмасини яратишдан иборат.
Хусусан, иссиқлик таъминоти корхоналари тасарруфидаги 6 та иситиш қозони ва 37 километр иссиқлик тармоғида қурилиш ҳамда модернизация ишлари якунланди. Бу кўрсаткичлар тегишли режанинг мос равишда 15 ва 37 фоизини ташкил этади.
Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон” массивларида 13 та янги иситиш қозони ўрнатилиб, 27,6 километр иссиқлик тармоғи қурилди. Бу эса мазкур йўналишдаги режанинг 65 ва 55 фоиз қисми бажарилганини кўрсатади.

Соҳа ходимларининг фикрича, иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш нафақат қиш мавсумидаги узилишларни камайтиради, балки энергия тежамкорлигини ошириш ва иссиқлик йўқотишларини қисқартириш имконини ҳам беради.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида 1 минг 156 та кўп квартирали уй ва 184 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти яхшиланади. Бу эса минглаб оилалар учун янада қулай ва барқарор коммунал хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 492 та кўп квартирали уй ҳамда 40 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига уланади. Натижада янги барпо этилган турар жойларда яшовчи аҳоли учун замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилади.

Сўнгги йилларда республикада қурилаётган янги турар жой массивлари сонининг ортиши коммунал инфратузилмага бўлган талабни ҳам кескин оширмоқда. Айниқса, иссиқлик таъминоти тизими аҳоли фаровонлиги ва яшаш шароитини белгилайдиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, иссиқлик тармоқларини янгилаш, янги қозонхоналар қуриш ва марказлашган тизимларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар нафақат коммунал хизматлар сифатини оширишга, балки энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур лойиҳалар натижасида минглаб хонадонлар ва юзлаб мактаб, боғча, шифохона каби ижтимоий объектларда қиш мавсумини барқарор иссиқлик таъминоти билан ўтказиш имконияти кенгаяди. Бу эса аҳоли турмуш сифати ва коммунал хизматлардан қониқиш даражасини янада оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА