Иссиқлик таъминоти: муаммо ва ечим
Фарғона вилоятида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва соҳада ечимини кутаётган муаммолар, истиқболдаги лойиҳалар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Журналист ва блогерлар вилоят "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш давлат бошқармаси тасарруфидаги "РК-3" марказий қозонхонаси бўлиб, бу ердаги жараён билан танишди.
Қиш мавсумида кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолидан иссиқлик таъминоти масаласида эътирозлар кўпаяди. Хўш, бу муаммонинг ечими борми? Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқларнинг ўта эскиргани сабабли мавжуд иссиқлик таъминоти тизимида иссиқлик манбаларидан мақбул даражада фойдаланишнинг имкони бўлмаяпти. Бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятига, истеъмолчиларни иссиқлик хизмати ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Марказлаштирилган иссиқлик таъминотидан узилган айрим кўп хонадонли уйлар кўпинча сертификатга эга бўлмаган ва ёнғин хавфсизлиги кафолатланмаган газ ва электр ускуналари билан иситилмоқда.

Фарғона вилоятида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш, ресурсларни тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш, аҳолини иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув билан таъминлаш сифати ва даражасини ошириш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоятда 5 та иссиқлик таъминоти корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, 22 та локал қозонхоналар бор. Иссиқлик қозонхоналари орқали вилоятдаги 618 та кўп қаватли уйлар марказлашган иссиқлик таъминотига уланган.
Фарғона шаҳрида жойлашган “РК-3” марказий қозонхонасини капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш лойиҳасига 34,5 миллиард сўм сарф этилмоқда. Бугунги кунда бу борадаги ишлар якунига етказиляпти. Бунинг натижасида 203 та кўп квартирали уйларнинг хонадонлари ҳамда 43 та ижтимоий ва бошқа соҳа объектлари иссиқлик билан таъминланиши кутилмоқда.
Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда мазкур лойиҳанинг мақсади ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
М. Сулаймонов, ЎзА