“Иссиқлик электр станциялари кубоги” мусобақалари ғолиблари аниқланди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан энергетика соҳаси вакиллари ўртасида “Иссиқлик электр станциялари кубоги” спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Жамият ахборот хизматига кўра, “Бир жамоа, бир мақсад, бир ғалаба!” шиори остида ташкил этилган беллашувларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги иссиқлик электр станциялари ва марказларида меҳнат қилаётган 200 нафардан зиёд ходим иштирок этди.
Мусобақанинг уч куни давомида иштирокчилар спортнинг бир қатор турларида ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Беллашувларда жамоавий ҳамжиҳатлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва соғлом рақобат муҳити устувор бўлди.
Мусобақалар якунида энг юқори натижа қайд этган жамоалар ва иштирокчиларни тақдирлаш маросими ташкил этилди. Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, бундай спорт мусобақалари ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бир қаторда, жамоалар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА