Исроил ва Ливан сулҳга келишди (+видео)
Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди, деб хабар берди DW нашри.
Келишув ҳақидаги уч томонлама баёнот АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинди.
Баёнотда қайд этилишича, келишувга риоя қилиниши Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи томонидан ўт очишнинг тўлиқ тўхтатилишига боғлиқ.
Шунингдек, фақат Ливан армияси назоратида бўладиган махсус синов ҳудудларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Ливан ва Исроил тўғридан-тўғри музокараларни давом эттириб, кенг қамровли келишувга эришиш ва қолган очиқ масалаларни ҳал қилишни режалаштирмоқда.
Қуролли тўқнашувлар АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланганидан кейин янада кучайди. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари эса Ливан ҳудудидан қилинган ҳужумларга жавобан кенг кўламли ҳаво зарбаларини амалга оширди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жанглар оқибатида тахминан 2200 киши ҳалок бўлган, улар орасида кўплаб аёллар ва болалар бор. Исроил армияси эса март ойидан бери “Ҳизбуллоҳ”нинг 1700 дан ортиқ аъзоси ўлдирилганини маълум қилди. Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони аниқ эмас.
14 апрель куни Вашингтонда 1993 йилдан буён илк бор Исроил ва Ливан элчилари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бўлиб ўтди. 16 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида сулҳга эришилганини эълон қилди. Бир ойдан сўнг томонлар сулҳ муддатини яна 45 кунга узайтиришга келишиб олди, аммо шундан кейин ҳам ўзаро зарбалар давом этди.
Axios нашри манбаларига кўра 1 июнь куни Трамп телефон орқали Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳуни Байрутнинг жанубий чеккаларига зарба бериш буйруғи учун қаттиқ танқид қилган. Сабаби, ушбу ҳужумлардан сўнг Теҳрон Вашингтон билан урушни якунлаш бўйича музокараларни тўхтатаётганини маълум қилди. АҚШ президенти эса музокаралар тўхтатилгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, улар тез суръатларда давом этади деб таъкидлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/srq91ds3ZQM" title="Isroil va Livan sulhga kelishdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА