Исроил АҚШ ва Саудиянинг ядровий келишувидан хавотирда
АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида эришилган янги келишув Исроилда жиддий хавотирларга сабаб бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, Ар-Риёд Америка технологиялари ёрдамида атом реакторларини қуриш ҳамда уранни бойитиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирча келишув Конгресс тасдиғидан ўтиши лозим бўлса-да, танқидчилар уни Яқин Шарқда ядровий рақобат бошланиши учун замин яратиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳамда ҳукуматнинг мудофаа ва ташқи ишлар соҳаси раҳбарлари ҳозирча бу масала юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ. Ўлка собиқ бош вазири Нафтали Беннет келишувни мамлакат хавфсизлиги учун жиддий стратегик хатолик деб баҳолади. Унинг фикрича, Саудия ҳудудида уранни бойитиш имконияти пайдо бўлиши бутун минтақада ядровий пойгани бошлаб бериши мумкин.
Собиқ мудофаа вазири Авигдор Либерман ҳам шунга яқин фикр билдирди. У фуқаровий атом дастури вақт ўтиши билан ядровий қурол ишлаб чиқишга хизмат қилиши эҳтимолини истисно этмади. Либерманнинг таъкидлашича, Исроил мазкур келишувга қарши чиқиши ва унинг тасдиқланмаслиги учун АҚШ Конгресси билан фаол ишлаши керак.
Бундай ҳамкорлик ҳақида музокаралар бир неча йилдан буён давом этаётган эди. Илгари ҳам Дональд Трамп ва Жо Байден маъмуриятлари даврида шу каби ташаббуслар муҳокама қилинган, аммо турли сабабларга кўра амалга ошмаган. Исроилдаги қатор сиёсатчилар эса бу каби келишув аввал Саудия билан муносабатларни нормаллаштириш жараёнининг бир қисмига айланиши лозим эди, деган фикрни билдирмоқда. Уларнинг айтишича, акс ҳолда мазкур қадам Яқин Шарқдаги хавфсизлик мувозанатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА