«Ишончни оқлаганимиздан хурсандмиз»
Ўзининг юқори интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан ёшларни чуқур билим олишга йўналтиришда «Заковат» интеллектуал ўйинларининг ўрни беқиёс.
Ёшлар ўртасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётган интеллектуал ўйиннинг брейн-ринг турнири супер-финал баҳсида Хоразм вилоятининг «Хива Президент мактаби» жамоаси ғалаба қозонди.
Ушбу жамоа сардори бўлган Хива шаҳридаги Президент мактабининг информатика фани ўқитувчиси Азамат Маткаримов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бу, албатта, юртимизда илм аҳлига бўлган эътиборнинг юксак намунасидир. Қизғин руҳда ўтган турнирнинг жараёнлари ва ғолибларнинг таассуротларини билиш мақсадида Азамат Маткаримов билан суҳбатлашдик.
– «Заковат»га аввал ҳам қатнашганмисиз ёки бу илк иштирокингизми?
– Илк бор «Заковат» интеллектуал ўйинида қатнашганимга деярли 13 йил бўлди ва бу йиллар менга катта тажриба тўплашда ёрдам берди, дейишим мумкин. Бундан ташқари, Хива шаҳридаги Президент мактабида информатика фани ўқитувчиси сифатида фаолиятимни бошлаганимга бир ярим йил бўлди. Мактаб ўқувчилари жуда иқтидорли, бундай ўқувчиларга дарс бериш устозлардан алоҳида билим ва тажриба талаб этади. Ўқувчиларнинг билимини ошириш, уларни фикрлашга ўргатиш мақсадида мактабда доимий тарзда «Заковат» ўйинлари ўтказиб турамиз. Ушбу ўйинлардаги саволларни тузиш учун ҳам ўнлаб китобларни кўриб чиқиш, бир нечта саволлар ичидан энг яхшиларини танлашимга тўғри келади. Бу ўз-ўзидан менга ҳам тажриба олиб келади. Умуман олганда, Президент мактабидаги ўқитиш тизими нафақат мактаб ўқувчилари, балки ўқитувчиларининг ҳам ўз устида ишлаб, кенгроқ тажриба оширишига ёрдам беради.
– Сиз раҳбар бўлган жамоанинг таркибини шакллантиришда нималарга эътибор берилди?
– Биз мазкур жамоа билан 2015 йилдан буён бирга ишлаб келяпмиз. Айни шу йилдан буён олий лига ўйинларида қатнашамиз ва 2017 йилда ғолибликни қўлга киритганмиз. Жамоа билан доимий тарзда интеллектуал ўйинларда биргаликда қатнашиб келганмиз. Олдиндан тажрибага эга жамоадошлар билан бир мақсад учун курашганимиз ушбу «Заковат» интеллектуал ўйинидаги ғалабамизни таъминлади, деб ўйлайман.
– Ўйин давомида қандай қийинчиликлар бўлди?
– Биласизми, ғалаба бу «Aйcберг» каби, яъни бизга фақат унинг устки қисми кўринади, машаққати эса остида. Бизнинг ҳам бу ғалабагача келишимиз осон бўлмади. Финалгача бўлган ўйинда биздан саволнинг жавобини тўғри топиш билан бир қаторда иштирокчи жамоалар ичида жавоб тугмасини биринчилардан бўлиб босиш, яъни тез жавоб бериш талаб этиларди. Шу томони биз учун қийинчилик туғдириб, олдинги босқичларда жамоамиз сўнгги ўринларда бўлиб келаётганди. Бу эса финал учун бизнинг янада кучлироқ тайёрланишимизни талаб қилган жиҳат бўлди.
– Давлат раҳбари олдида интеллектуал рингда иштирок этдингиз. Бу жараён қандай кечди?
– Тўғрисини айтганда, бу барча иштирокчи жамоалар учун ҳаяжонли бўлди, деб ўйлайман. Президентимизнинг ўзлари кузатиб турган бу ўйин бизни янада масъулиятли бўлишга ва икки ҳисса эҳтиёткорликни ошириб, фикрни ғалабага жамлашимизга ундади. Финал биз учун кутилмаган ҳаяжон ва натижага бой бўлди. Ўйин бошланишидан олдин биз ғолиб жамоанинг автомашина билан тақдирланишини билардик. Аммо давлат мукофотлари билан тақдирланишимиз бизнинг ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғмасди. Бунинг ҳаяжони ҳалигача давом этмоқда ва Президент мактабларига билдирилган ишончни маълум бир маънода оқлай олганимиздан хурсандмиз.

ЎзА мухбири Файзулло Яҳёев суҳбатлашди.