Ишлаб чиқариш ривожида банкнинг ўрни
Наманганда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда тижорат банклари билан ҳамкорликнинг амалий натижаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Наманганда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда тижорат банклари билан ҳамкорликнинг амалий натижаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вилоят бош бошқармаси, республика тижорат банкларининг вилоят филиаллари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Тадбиркорлик субъектларининг ривожланишида тижорат банкларининг молиявий кўмаги катта аҳамият касб этмоқда.
– “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Наманган вилояти бўлимидан олинган 100 миллион сўмлик кредит маблағи ишлаб чиқаришни кенгайтиришимизда жуда қўл келди, – дейди “Наманган порлоқ таъмирлаш сервис” масъулияти чекланган жамияти масъул ходими Абдусамад Мавлонов. – Корхонамизда илгари хориждан келтирилган шпатлёвка, грунтовка, эмульсия, бўёқ сингари импорт ўрнини босувчи қурилиш-таъмирлаш ашёлари ишлаб чиқарилади. Давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар туфайли ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортмоқда. 2012 йилда 560 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлсак, 2014 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард сўмдан ошди. 2015 йилда банк кредити кўмаги билан тайёрланаётган маҳсулотларни қадоқлаш учун полиэтилен идишлар ишлаб чиқарувчи технология келтиришни режалаштирганмиз.
Семинарда ишлаб чиқариш жараёнига замонавий минитехнологияларни жорий этиш, тижорат таклифларини олиш ва электрон шартномалар тузиш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган саноат кўргазмасида илғор технологиялар асосида тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган “Aisha Home Textile”, “Nafis tex group”, “Bosser textile servis”, “Osiyo kiyim sanoat” каби корхоналар маҳсулотлари намойиш этилди.