Иқлим форумида нуфузли меҳмонлар билан мулоқот
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган "Иқлим ва сув ресурсларини бошқаришда минтақа ёшларининг ўрни" мавзусида БМТ Иқлим бўйича Марказий Осиё минтақавий ёшлар конференцияси — "RCOY Central Asia 2026"нинг иккинчи кунги тадбирлари доирасида нуфузли меҳмонлар билан ёшлар мулоқоти ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича биринчи ёрдамчиси, БМТ Ёшлар офиси раҳбари Фелиппе Паульер, мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирок этиб, ёшлар билан фикр алмашди.



Нуфузли меҳмонлар бугунги кунда дунё миқёсида ёшлар масалаларига қаратилаётган эътибор, айрим минтақаларда юзага келаётган муаммолар ва бундай шароитда ёшларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини таъкидладилар. Хусусан, иқлим ўзгариши оқибатида келиб чиқаётган хавф ва таҳдидлар ечимида ёшларнинг фикрлари муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, мулоқот давомида шу кунларда Самарқандда ўтказилаётган Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ва унда муҳокама этилаётган масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида минтақавий ёшлар баёноти тақдим этилди.
Конференциянинг бугунги мажлисларида давомида иқлим ўзгариши, сув танқислиги, чўлланиш, музликларнинг эриши, яшил инновациялар ва барқарор ривожланиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ташаббус ва ечимлари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, конференция Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамда ЮНИСEФ ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиядан келган 100 нафардан ортиқ ёшлар, экспертлар, халқаро ташкилотлар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири