Ипак қурти парваришлаш мавсуми назоратда
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида ипак қурти парваришлаш мавсуми боришини ўрганди.
Хусусан, бошқа ҳудудлар қатори Оҳангарон туманида ҳам пиллачилик мавсумига старт берилган. Шу муносабат билан Қорахитой маҳалласи Булоқ кўчаси 17-уйда яшовчи Шуҳрат Телабоев хонадонида амалий семинар ташкил этилди. Унда туман ҳокимлиги масъуллари, “Агропилла” масъул ходимлари, фермерлар, пиллачилик билан шуғулланувчи касаначилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Семинар давомида мутахассислар томонидан пиллани парваришлашнинг замонавий усуллари, қуртларни тўғри озиқлантириш, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш омиллари юзасидан батафсил тушунчалар берилди. Шу билан бирга, иштирокчиларга пиллачиликни самарали ташкил этишга оид махсус йўриқномалар тарқатилди.
Тадбирда туманда фаолият юритаётган илғор пиллакорларнинг самарали меҳнати алоҳида эътироф этилди. Уларнинг иш тажрибаси бошқа иштирокчилар учун намуна сифатида кўрсатилиб, соҳада юқори натижаларга эришиш мумкинлиги амалда намоён этилди. Шунингдек, нуронийлар иштирокида эзгу ниятлар билдирилиб, янги мавсумда пилла ҳосилининг мўл ва баракали бўлишини сўраб дуолар қилинди.

Тадбир якунида бир қатор фермер ва касаначиларга пилла қутилари топширилди. Бу эса янги мавсумни уюшқоқлик билан бошлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Мутахассислар маълумотига кўра, жорий йилда Оҳангарон туманида 2 минг 500 қути ипак қурти боқиш ҳамда 151 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
Шунингдек, ишчи гуруҳи касаначилар хонадонларида бўлиб, ипак қурти парвариши бўйича назорат тадбирлари боришини кўздан кечирди. Касаначиларга керакли тавсиялар берилиб, Уюшма томонидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши айтиб ўтилди.
А.Мусаев,ЎзА.