IOTAга аъзолик Ўзбекистон учун қандай имкониятларни очади?
Бугунги кунда солиқ маъмурчилигида самарадорлик, шаффофлик ва рақамлаштириш жараёнлари ҳар бир давлат иқтисодий тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам солиқ тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор бошқарув усулларини жорий этиш йўлидан бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизнинг IOTA – Европа солиқ маъмуриятлари ташкилотига қўшилиши солиқ соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим қадам ҳисобланади. Бу аъзолик нафақат тажриба алмашиш, балки солиқ хизматларини янада такомиллаштириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ва Ўзбекистон солиқ маъмурчилигининг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратади.
Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси ўқитувчиси Асилбек Мўминов мазкур янгиликларнинг аҳамияти, Ўзбекистон солиқ тизими ривожидаги ўрни ва келгусидаги натижалари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Сўнгги кунларда мамлакатимизда солиқ соҳасида кетма-кет иккита аҳамиятли янгилик эълон қилинди. Биринчиси, мамлакатимизнинг нуфузли халқаро ташкилотга аъзо бўлиши, иккинчиси эса солиқ хизмати учун мутахассис тайёрлайдиган алоҳида олий таълим муассасасининг ташкил этилиши. Икки воқеани бир-биридан ажратиб бўлмайди, чунки улар ўзбек солиқ тизимини замонавийлаштириш, уни халқаро стандартларга яқинлаштириш йўлидаги изчил сиёсатнинг бир-бирини тўлдирувчи босқичлари сифатида баҳоланади.
Яқинда Венгрия пойтахти Будапештда Европа солиқ маъмуриятлари ташкилоти – IOTAнинг 30-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда Солиқ қўмитаси раиси Ф.Пўлатов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашди. Айнан мазкур ассамблея доирасида Ўзбекистон ушбу ташкилотга расман аъзо сифатида қабул қилинди.
Бу воқеани шунчаки протокол тадбири сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Ўзбекистоннинг IOTAга қабул қилиниши мамлакатнинг Европа минтақасидаги солиқ маъмуриятларининг нуфузли профессионал ҳамжамиятига тўлақонли интеграциялашуви, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва алмашиш, шунингдек, рақамли солиқ хизматларини янада ривожлантиришда замонавий ёндашув ва экспертизалардан фойдаланиш учун янги имкониятларни очиб беради.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур аъзолик Ўзбекистон солиқ тизимининг очиқлиги, самарадорлиги ва халқаро стандартларга мос равишда ривожланаётганини намоён этувчи муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, у солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, солиқ тўловчилар билан ўзаро муносабатларни янада қулай ва замонавий тамойиллар асосида йўлга қўйиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Иккинчи янгилик эса тўғридан-тўғри кадрлар масаласига дахлдор. Давлат раҳбарининг 2026 йил 16 июндаги ПҚ-227-сон қарорига кўра, Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилиши белгиланди.
Янги муассасанинг асосий вазифалари сифатида солиқ органлари учун замонавий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириш, шунингдек, солиқ соҳасидаги илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Олий мактаб республикада солиқ йўналиши бўйича базавий илмий-методик марказ вазифасини бажаради ва академик, молиявий ҳамда ташкилий мустақиллик асосида фаолият юритади. Бакалавриат йўналишларига талабалар қабули 2026/2027 ўқув йилидан, магистратура ва докторантура босқичлари эса 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади. Битирувчилар солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи ҳамда молиявий назорат йўналишлари бўйича мутахассис сифатида шаклланади.
Диққатга сазовор жиҳатлардан бири шуки, таълим натижаси нафақат давлат намунасидаги диплом, балки солиқ маслаҳатчиси ва аудитор малака сертификатларини олиш учун зарур курсларни тугатганлик ҳақидаги ҳужжат билан ҳам мустаҳкамланади. Бундан ташқари, ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA, ACA каби халқаро бухгалтерия ва аудит сертификатларига эга талабалар учун ўқув харажатлари Олий мактаб ҳисобидан қопланиши назарда тутилган ва бу келажакда юқори малакали, халқаро тан олинган мутахассислар сафи кенгайишига хизмат қилади.
Қабул жараёни ҳам эътиборга молик. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили давлат гранти асосида 50 тагача ўрин ажратилади, “Солиқлар ва солиққа тортиш” йўналиши бўйича давлат буюртмаси эса устувор тартибда айнан шу муассасага йўналтирилади.
Бир қарашда турли соҳага тегишли кўринса-да, ушбу икки янгилик бир-бирини мантиқан тўлдиради. IOTAга аъзолик мамлакатга халқаро тажриба ва стандартларга кириш эшигини очса, Солиқ олий мактабининг ташкил этилиши бу стандартларни амалда жорий этадиган, уларни ўзлаштира оладиган кадрлар тайёрлаш имконини беради. Икки қадам биргаликда солиқ хизматининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни замонавий, рақамлашган ҳамда халқаро миқёсда тан олинган тизимга айлантириш йўлидаги муҳим босқичдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.