Интизомий жазо олган ходимнинг ойлик иш ҳақи ва байрам пулларидан ушлаб қолинадими?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 300- моддасида ходимни интизомий жавобгарликка тортишнинг 2 тури келтирилган. Булар умумий ва махсус ҳисобланади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидагича тушунча берди:
– Умумий интизомий жавобгарлик Меҳнат кодекси ва ички меҳнат тартиби қоидалари билан тартибга солинадиган жавобгарлик бўлиб, у ходимга нисбатан ушбу Кодекснинг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан бирини қўллашдан иборат ва барча ходимларга нисбатан татбиқ этилади. Бундан ўзи учун махсус интизомий жавобгарлик белгиланган шахслар мустасно.
Махсус интизомий жавобгарлик ходимларнинг фақат алоҳида тоифалари учун қонунда, шунингдек, интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларда назарда тутилган ҳамда ходимга нисбатан тегишли қонунда, интизом ҳақидаги уставда ва низомда назарда тутилган интизомий чораларни қўллашдан иборат жавобгарликдир.
Шунингдек, Меҳнат кодексида интизомий жазо чоралари келтириб ўтилган бўлиб, унга кўра: ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима, ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин ва меҳнат шартномасини бекор қилиш кабилар киради.
Ходимнинг иш ҳақидан жаримани ушлаб қолиш иш берувчи томонидан ушбу Кодекснинг 269 ва 270-моддалари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади. 313-моддага биноан ходимга нисбатан фақат битта ижтимоий қилмиш учун битта интизомий жазо чораси қўлланилиши келтириб ўтилган. Меҳнат кодексининг 299-моддасида Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.
Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, байрам пуллари рағбатлантириш ҳисобланади ва интизомий жазо олган ходимга нисбатан булар берилмайди. Агар жарима тарзидаги интизомий жазо қўлланилса, ойлик иш ҳақининг маълум қисми ушлаб қолиниши мумкин.
Асос: Меҳнат кодексининг 300, 312, 269, 270, 313, 299- моддалари.
Гулноза Бобоева, ЎзА