Интернет ва рақамли хизматларда истеъмолчи ҳуқуқлари ўрганилмоқда
Бугун интернет, стриминг ва рақамли телевидение хизматлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Тариф танлашдан тортиб, хизмат шартлари ва тўловларга қадар ҳар бир босқичда истеъмолчи учун аниқ ва тўлиқ маълумот бўлиши муҳим.
Шунингдек, фуқаро қайси хизмат учун қанча тўлаётганини, хизмат кўрсатиш шартлари қандай эканини ва ўз ҳуқуқларини аниқ билиши керак. Афсуски, бу борада айрим оператор ва провайдерларнинг мобил иловалари ҳамда веб-сайтларида камчиликлар учрамоқда. Шу боис Рақобат қўмитаси стриминг, интернет ва рақамли телевидение хизматлари платформаларини ўрганишни бошлади.
Истеъмолчилардан телекоммуникация хизматлари бўйича келиб тушган шикоятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2026 йилнинг бугунги кун ҳолатига икки баробарга кўпайиб, 1000 дан ортиқни ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, айрим оператор ва провайдерларнинг мобил иловалари ҳамда веб-сайтларида тарифлар ва нархлар, хизмат кўрсатиш шартлари, оммавий оферта ва бошқа зарур маълумотлар тўлиқ жойлаштирилмаган. Шунингдек, айрим ахборотлар давлат тилида тақдим этилмаётгани аниқланган.
Қўмита ҳозирда стриминг, интернет ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар платформаларида истеъмолчилар учун зарур ахборотларнинг тақдим этилиши ва қонунчилик талабларига мувофиқлигини очиқ манбалар асосида ўрганмоқда.
Шу муносабат билан хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан мобил илова ва веб-сайтларида истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумотларни тўлиқ тақдим этиш ҳамда уларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш талаб этилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА