Инсонпарварлик ва адолат таянчи
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ ёш авлодни ҳар томонлама етук, келажакда ўз билим ва қобилияти, интеллектуал салоҳияти билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ ёш авлодни ҳар томонлама етук, келажакда ўз билим ва қобилияти, интеллектуал салоҳияти билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.Мазкур мақсадни амалга ошириш учун, аввало, ёшларда ҳуқуқий билим ва маданиятни юксалтириш, ўқитувчиларнинг педагогик салоҳияти, маҳоратини ошириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Конституция таълим муассасаларининг ўқув режасига алоҳида фан сифатида киритилган. Ўқитувчиларнинг бу борадаги билим ҳамда кўникмаси янада оширилди, мустаҳкамланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжатга биноан Конституцияни ўрганиш мактабгача таълим муассасаларидан бошланиши жорий этилди. Тарбиячилар кичкинтойларга Бош қомусимиз ҳақида дастлабки тушунча беришда “Konstitutsiya saboqlari” махсус ўқув қўлланмасидан фойдаланмоқда. Машғулотлар содда, болалар диди ва дунёқарашига мос услубда олиб борилаётир.
Умумтаълим мактабларининг бошланғич ҳамда 5-7-синфлари учун ушбу фан бўйича алоҳида курслар ташкил этилган. Хусусан, 1-4-синфларда “Konstitutsiya saboqlari”нинг узвий давоми сифатида “Konstitutsiya alifbosi” ўқув курси фанлар таркибига сингдирилди. 5-6-синфларда “Konstitutsiya olamiga sayohat” дарслари ўтилмоқда. Бунинг учун ўқув режа 17 соат этиб белгиланган.
Ҳадемай Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 23 йил тўлади. Айни пайтда Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларида ҳам ушбу санани муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 10 ноябридан 10 декабрига қадар вилоятдаги барча таълим муассасаларида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсон камолоти, бахти ва фаровонлиги қомуси” шиори остида ҳуқуқий маданият ойлиги ўтказилади. Ойлик доирасида “Ўзбекистон давлати: юксалаётган обрў ва эътибор”, “Президент асарлари билимдони”, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий асоси” мавзуларида иншолар, фото ва суратлар кўрик-танлови ташкил этилади.
– Мактаблардаги ҳуқуқшунослик фани ўқитувчилари иштирокида маҳаллаларда кунда-кунора “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсонпарварлик ва адолат таянчи” мавзусида давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилади, – дейди Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Убайдулла Парпиев. – Умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Конституция – бахтимиз пойдевори” кўрик-танловининг жорий йилги ҳудудий босқичи ноябръ ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилиши режалаштирилган.
Ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш мақсадида “Конституция – бахтимиз пойдевори”, “Конституцияни ўрганамиз” номли методик тавсиялар ишлаб чиқилиб, жойларга етказиб берилмоқда.