“Инсон”нинг инсонларга нафи тегаяптими?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига пресс-тур ташкил этилди.
Республика оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳудудий бошқармалари ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этган тадбир қатнашчилари дастлаб Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ахборот хизмати раҳбари – Ахборот сиёсати бўйича агентлик директори маслаҳатчиси Дилфузабегим Рузметова, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилоят бошармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Луқмонов марказда яратилган шароит, кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, марказда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол кириб-чиқиши учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг аравача билан ҳаракатланиши учун қулай пандуслар қурилган. Шунингдек, бино яқинида махсус бекат, овозли светафор ўрнатилган бўлиб, марказга келувчиларнинг, ҳатто кўзи ожиз инсонларнинг ҳам хавфсиз ҳаракати таъминланган.
– Бугунги кунда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан 115 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизмат турлари кўрсатилмоқда, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилоят бошармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Луқмонов. – Марказда ҳар бир хизмат тури учун алоҳида хоналар ва ходимлар биркитилган. Масалан, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбасида ногирон болалар билан ишлаш тизими жорий этилган. Катта ёшдагилар ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилалар билан ишлаш шуъбасида ижтимоий ёрдам ташкилотлари билан биргаликда амалий ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари марказ қошида инклюзив ривожланиш маркази ташкил қилинган. Бу ерда тўрт йўналишдаги тўгаракларда имконияти чекланган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига касб-ҳунар ўргатилиб, уларнинг жамиятга интеграциялашувига кўмаклашилмоқда.
Бугунги кунда вилоят миқёсида барча маҳаллаларга 484 нафар ижтимоий ходим бириктирилган. Хусусан, Самарқанд шаҳри маҳаллаларида 64 нафар ижтимоий ходим хизмат қилмоқда. Улар маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қиляпти, хонадонбай ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, оилаларни аниқлаб, белгиланган тартибда ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатилишини таъминлаяпти. Бунинг учун улар зарур жиҳоз ва техник воситалар билан таъминланган. Шунингдек, ижтимоий ходимлар ҳудудларда аҳолининг моддий ёрдам бўйича мурожаатларини ҳам онлайн тарзда марказга жўнатишни амалга оширади. Бу ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига енгиллик яратиб, уларнинг сарсонгарчиликлардан сақлайди.
Иштирокчилар марказга мурожаат қилиб келган фуқаролар билан мулоқот қилиб, уларнинг кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
– Бир неча йилдан бери кўксартироз билан боғлиқ муаммолар сабаб ҳаловатим йўқ эди, – дейди Самарқанд шаҳридаги Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони Пўлат Ғуломов. – Кўп жойда даволандим, фойдаси бўлмади. Ўтган йили кузда марказга мурожаат қилиб, ўнг томонимга эндопротез қўйдирган эдим. Аҳволим бир мунча яхшиланди, ўзим ҳаркат қилоляпман. Бугун яна мурожаат билан келдим, чап томонимга ҳам протез қўйдиришда ёрдам сўраяпман. Мурожаатим қабул қилиниб, рўйхатга киритилди. Навбатим келиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилса, насиб бўлса яна қўлтиқтаёқсиз ҳаракат қиламан. Кўрсатилаётган ёрдам ва хизматлардан миннатдорман.
Ижтимоий нафақа, моддий ёрдамлар кўрсатилишида шоффофликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, жойларда мазкур жараён қандай кечаётганлиги, маҳаллалардаги ижтимоий ходимларнинг фаолиятини ўрганиш мақсадида пресс-тур иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Девори кўндаланг маҳалласида бўлишди. Маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим Лайло Юсуповани бевосита кам таъминланган оилаларнинг моддий ёрдам бўйича мурожаатларини қабул қилиш жараёнига дуч келдик.
[gallery-18152]
– Менга белгиланган ҳудуд бўйича тўртта маҳалла — Девори кўндаланг, Бунёдкор, Янгиҳаёт ва Ҳамид Олимжон номли маҳаллалар бириктирилган, – дейди Лайло Юсупова. – Ижтимоий ёрдам ва хизматларни сифатли, самарали кўрсатиш мақсадида ҳафта кунларини маҳаллалар кесимида белгилаб, ўша кунлари маҳаллада бўлиб, аҳоли билан мулоқот қиламан, мурожаатларини кўриб чиқаман. Бугун Девори кўндалангда ишлаяпман. Маҳаллада 2500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Асосий қисми зиёлилар бўлгани боис, ижтимоий муаммолари бор оилалар кам. Айни пайтда моддий ёрдам бўйича мурожаат қилган кам таъминланган оилаларни онлайн рўйхатга олдим, тез кунда мурожаат ўрганилиб, натижаси хабар қилинади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар шаҳардаги Юлдуз маҳалласи ижтимоий ходими фаолияти билан ҳам танишди. Шунингдек, якунда шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида иштирокчилар ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни борасида ўзаро фикр алмашишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари