Инсониятнинг ҳақиқий халоскорлари
Бир инсоннинг ҳаётда ўз йўлини топиб кетиши энг мураккаб жараён. Негаки, йўллар бисёр бўлиб, кишининг унда адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Адашмоқ эса фурсат билан бирга кўп нарсани қўлдан кетишига сабаб бўлади. Шундай экан, ҳар кимнинг бунда йўлчи юлдузга эҳтиёжи бор. Йўлчи юлдузлар эса шубҳасиз устоз деган улуғ мақомга муносиб бўлишни уддалаётганлардир.
Устозлар азал-азалдан маърифат тимсоли. Зотан, инсониятни жаҳолат ботқоғидан асраб келаётганлар ҳам улар. Ота-она фарзанд камолотида қанчалик муҳим ўрин тутса, муаллимлар ҳам улардан кам аҳамият касб этмайди. Шунинг учун доно халқимизда: "Устоз отангдек улуғ", дейилади.
Инсониятга берилган энг олий туҳфа унинг имкониятидир. Имкониятларни эса айнан устозлар кашф этади. Ота-она доим ҳам фарзандининг лаёқатини тўғри илғай олмайди. Чунки уларнинг зиммасида моддий таъминот ҳам мавжуд. Мураббийлар эса катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларга биз таъкидлаган йўл харитасини чизиб беришади. Бу йўлдан юрганлар эса асло кам бўлмайди. Қолаверса, беминнат имкон берадиганлар ҳам айнан улар. Бу эса инсоннинг ўзлигини англашига сабаб бўлади. Ўзликни англаш, ҳаётни англаш демакдир.
Мустаҳкам жамият ва ривожланган давлат шакллантиришга интилаётган мамлакат борки, устозларни улуғлайди. Шу маънода сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган Инсон қадри тамойилига таянган сиёсат муаллим ва мураббийлар қадди-ю қадрини тиклади десак, янглишмаган бўламиз. Эзгу ғоя ҳеч қачон мева бермай қолмайди деганларидек, бу ўз самарасини бериб, ёшларимиз ҳам илмда, ҳам спортда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари даъват этаётган Учинчи ренессанс ғояси баралла ва ишончли янграмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, устозлар инсониятнинг ҳақиқий халоскорлари. Уларни муносиб қадрлаш, сабоқларига амал қилиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз десак, адашмаймиз.
Шербек Исломов
ЎзА