Инсон саломатлиги – ислоҳотлар марказида: миллий тиббиётнинг янги тараққиёт босқичи
Юртимизда охирги ўн йиллик аҳоли соғлиғини сақлаш ва тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилишда кескин бурилиш даври бўлди. Буни рақамлар ва ҳаётий мисоллар яққол исботлаб турибди. Жумладан, бугунги кунга қадар 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар фойдаланишга топширилиб, 58 минг янги шифо ўрни яратилди. Хусусий секторга кенг йўл очилиши ва замонавий муассасалар кўпайиши ҳисобига тиббий хизматлар ҳажми уч бараварга ошди.
Энг муҳими, илгари фақат хорижда ўтказилган 100 дан ортиқ мураккаб операциялар, жумладан, туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги оғир жарроҳлик амалиётлари эндиликда мамлакатимизда муваффақиятли бажарилмоқда.
Қолаверса, фармацевтика мустақиллигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли қадамлар ташланди. Ички эҳтиёжнинг 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплаш мақсадида, сўнгги йилларда қиймати 1 миллиард долларлик 330 та янги қувват ишга туширилди. Ҳозирги кунда “Tashkent Pharma City” кластери ҳамда Андижон, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларидаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналарида умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан трансформация қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига янада яқинлаштириш, соҳани рақамлаштириш ва фармацевтика бозорини тартибга солишга бағишлаб ўтказган йиғилишда ушбу улкан ўзгаришлар ортида соҳада меҳнат қилаётган 800 мингдан зиёд фидойи ходимнинг ҳалол меҳнати тургани эътироф этилиб, соҳа илғорлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шу билан бирга, тиббиётдаги илғор ишланмалар ва фидокорона меҳнатни рағбатлантириш учун буюк бобомиз Ибн Сино номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.

Барчамизга маълум сўнгги вақтларда тиббиёт тизимининг пойдевори бўлган оилавий поликлиникалар фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда 28 та туманда ўтказилган янги тажриба-синов модели тўлиқ ўзини оқлади. Ушбу ҳудудларда 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга номма-ном бириктирилиб, диспансеризация ва бемор маршрути қайта кўриб чиқилди. Кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилиши йўлга қўйилди.
Бунинг натижасида аҳолининг маҳаллий поликлиникаларга бўлган ишончи сезиларли даражада ортди. Ушбу муваффақиятли модель келаси йилдан эътиборан яна 100 та туманда жорий этилади. Аҳоли учун бепул бериладиган дорилар тури 73 тага, бепул тиббий текширувлар тури эса 36 тага етказилади.
Эрта ташхис қўйиш ва касалликларнинг олдини олиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Хусусан, инфаркт ва инсультнинг олдини олиш ҳамда “олтин соат” ичида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими натижасида қисқа муддатда 855 нафар инсон бевақт ўлим ва ногиронликдан сақлаб қолинди. Келаси йили ушбу дастурга 280 миллиард сўм ажратилиб, мамлакатдаги қамров тўлиқ таъминланади. Шунингдек, онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича Самарқанд вилоятида бошланган тажриба босқичма-босқич бутун республикага татбиқ этилиб, бу мақсадлар учун йилига 700 миллиард сўм йўналтирилади.
Шифокорнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ортида инсон ҳаёти ва тақдири тургани боис, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинмоқда. Келаси йилдан бошлаб таълим жараёни бевосита амалиёт билан боғланади. Бунда талаблар ҳафтада 3 кун бемор билан ишлайди, битирувчи курс талабалари эса тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди. Шунингдек, кадрларни қўллаб-қувватлаш учун бакалавр даражасидаги ҳамшираларга 1,5 миллион сўм, магистрларга 2,5 миллион сўм, тор соҳа оилавий шифокорларига эса 5,5 миллион сўмгача қўшимча устама белгиланади.
Соҳада шаффофликни таъминлаш ва фақат профессионаллар ишлаши учун 2027 йил 1 июлдан тиббиёт ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими бошланади. Рўйхатдан ўтган шифокорларга 7 миллион сўм, ҳамшираларга эса 3,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. Шу билан бирга, рақамлаштириш жараёнлари ҳам янги босқичга кўтарилиб, келаси йилда кардиология, офтальмология, гепатология ва гематология каби 10 та йўналишда сунъий интеллект тизимлари ишга туширилади. Бу янгиликлар шифокорларга беморни масофадан кузатиш, ташхис қўйиш ва дорилар хавфсизлигини назорат қилишда яқиндан ёрдам беради.
Йиғилишда шифокорлар учун муносиб шароит яратиш ва уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, муносиб меҳнат шароити ва ҳаққоний рағбатгина инсоннинг ўз касбига бўлган фидойилигини янада оширади. Хусусан, тизимда камида 15 йил ишлаган 1 000 нафар ходимнинг ипотека кредитларини қоплаш учун 50 миллиард сўм йўналтирилди. Ҳар йили 500 нафар ёш мутахассиснинг ипотека бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Олис ҳудудларга ишга борган шифокорлар 50 миллион сўм бир марталик ёрдам пули олади ва ойлик устамалар 4,5 миллион сўмгача оширилади. Шунингдек, хорижда тажриба орттирган ватандош шифокорларимизга 50 миллион сўмгача устама тўланиб, уларга ўз жамоасини эркин шакллантириш учун барча шароит яратилади.
Хулоса қилиб айтганда, сўнгги ўн йилда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, замонавий тиббий инфратузилманинг яратилиши ва илғор технологияларнинг жорий этилиши бугун ўз самарасини бермоқда. Эндиги устувор вазифа – тиббий хизмат сифатини янада ошириш, касалликларни эрта аниқлаш, аҳолига малакали ёрдамни яқинлаштириш ва шифокор меҳнатини муносиб қадрлашдир. Белгилаб берилган янги вазифаларнинг изчил амалга оширилиши эса инсон саломатлиги ва қадрини асрашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаларини янада мустаҳкамлаб, миллий тиббиётимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА