Инновациялар, билим ва ҳамжиҳатлик майдонига айланган форум
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан “Ёш кутубхоначилар” VI Республика илмий-амалий форуми ҳамда унинг доирасида “Инновацион лойиҳалар” танлови ўтказилди.
Мазкур маърифий тадбирлар истиқлол йилларида мамлакатимиз кутубхоначилик соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили, китобхонликни, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини янада юксалтириш, ёш кутубхоначилар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева бугунги кунда мамлакатимиз кутубхоначилик соҳаси рақамлаштириш, замонавий ахборот технологиялари ва инклюзивлик тамойиллари асосида жадал ривожланаётганини таъкидлади.

Миллий кутубхоначиликдаги асосий ютуқлар бир қатор йўналишларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, мамлакатимиз бўйлаб кутубхоналарни боғловчи ягона қидирув тизими ва миллий электрон тармоқлар яратилди. Ноёб қўлёзмалар, тарихий китоблар ҳамда даврий матбуот нашрлари рақамлаштирилиб, электрон базага жойлаштирилди.
Шунингдек, Миллий кутубхонанинг электрон ресурсларидан махсус иловалар орқали уйдан чиқмасдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди. Талабалар ва тадқиқотчилар учун дунёнинг етакчи илмий маълумотлар базаларига бепул кириш имконияти яратилди. Бугунги кунда кутубхоналар нафақат китоб бериш маскани, балки Wi-Fi зоналари, коворкинг марказлари, муҳокама клублари ҳамда маънавият ва маърифат ўчоқларига айланди.

Форум доирасида ахборот-кутубхона соҳасини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишни рағбатлантириш ҳамда ёш истеъдодларни кашф этиш мақсадида “Инновацион лойиҳалар” танлови ташкил этилди.
Танловга республиканинг турли ҳудудларидан кўплаб стартап лойиҳалар тақдим этилди. Саралаш босқичи натижаларига кўра, энг истиқболли деб топилган 12 та лойиҳа финал босқичига йўлланма олди.

Форумнинг иккинчи кунида финалчилар ўз лойиҳаларини экспертлар ва танлов ҳайъати аъзоларига тақдим этди. Тақдимотлар давомида ҳар бир лойиҳа долзарблиги, инновацион ёндашуви, амалий аҳамияти, амалга ошириш механизмлари, барқарорлиги ҳамда кутилаётган ижтимоий самарадорлиги мезонлари асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, энг муносиб лойиҳалар Гран-при, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб деб топилди. Гран-при соҳиби Равшан Қодиров бўлди. У тақдим этган лойиҳа инновационлиги, амалий самарадорлиги ва янгича ёндашувлари билан алоҳида эътироф этилди. Танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
“Ёш кутубхоначилар” VI Республика илмий-амалий форуми спорт тадбирлари билан ҳам давом этди. Форум дастури доирасида ташкил этилган Спорт куни иштирокчиларга нафақат мазмунли ҳордиқ чиқариш, балки жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўзаро дўстона муносабатларни янада ривожлантириш имконини берди.

Спорт мусобақалари шахмат, шашка, стол тенниси, футбол ва волейбол йўналишларида ўтказилди. Ҳар бир беллашув қизғин баҳслар, юксак спорт руҳи ва муросасиз курашларга бой бўлди. Ёш кутубхоначилар нафақат касбий салоҳиятини, балки жисмоний тайёргарлиги, жамоада ишлаш маданияти ва ғалабага интилишини ҳам намоён этди.
Форум дастури доирасида соҳа мутахассислари учун “Library Quiz” номли интеллектуал жамоавий мусобақа ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар кутубхоначилик, ахборот-ресурс фаолияти, адабиёт, замонавий технологиялар ҳамда умумий билимлар бўйича ўзаро куч синашди.

Интеллектуал беллашув давомида жамоалар тезкор фикрлаш, мантиқий ёндашув, ҳамжиҳатлик ва билим салоҳиятини намоён этиб, қизиқарли ва муросасиз баҳсларда иштирок этди. Мазкур мусобақа ёш кутубхоначилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, касбий билим ва кўникмаларни ошириш ҳамда дўстона муҳитни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида ўтказилган форум доирасида раҳбар ва ёшлар учрашуви ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, замонавий кутубхоначилик ва раҳбарлик фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Самимий руҳда кечган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Форум якунида энг фаол иштирокчилар тақдирланди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири