Инклюзив таълим — тенг имкониятлар сари муҳим қадам
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, Давлат раҳбарининг ташаббуси билан алоҳида таълим эҳтиёжига эга бўлган болалар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг сифатли таълим олиши, жамият ҳаётига тўлақонли интеграциялашувини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда инклюзив таълим тизимини босқичма-босқич жорий этиш, замонавий талабларга мос таълим муҳитини шакллантириш ва ушбу соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Ана шу эзгу ишлар изчил давом этаётган бир пайтда Бухоро шаҳрида янги ўқув йили олдидан “Умумтаълим мактабларида инклюзив таълимнинг муаммо ва ечимлари” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Мазкур тадбир инклюзив таълим тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг амалий ечимларини белгилашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Семинарда Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси масъуллари, инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим мактаблари директорлари, туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари раҳбарлари ҳамда бош ҳисобчилари иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани, янги ўқув йили олдидан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар, соҳадаги ислоҳотлар ҳамда таълим муассасалари олдида турган долзарб масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Таъкидланганидек, инклюзив таълим — бу фақатгина алоҳида эҳтиёжли болалар учун яратилган таълим шакли эмас, балки ҳар бир боланинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлар асосида билим олишини таъминлайдиган инсонпарвар таълим тизимидир. Бундай ёндашув орқали болалар ўртасида меҳр-оқибат, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ижтимоий тенглик каби юксак инсоний қадриятлар мустаҳкамланади.
Семинар давомида иштирокчиларга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, инклюзив таълимнинг устувор йўналишлари, педагогларнинг малакасини ошириш, таълим муассасаларида тўсиқсиз муҳит яратиш, инфратузилмани замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича батафсил тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди.
Мутахассислар томонидан янги ўқув йилида фаолият бошлайдиган инклюзив мактабларда ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, ҳар бир боланинг индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таълим бериш, психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда. Ҳозирда вилоятдаги 189 та умумтаълим мактабида 330 та инклюзив синф фаолият кўрсатмоқда. Уларда 424 нафар алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчи замонавий билим ва тарбия олмоқда. Бу рақамлар вилоятда ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасини яққол намоён этади.

Энг муҳими, инклюзив таълимни ривожлантириш билан бир қаторда таълим муассасаларида пандуслар, махсус жиҳозлар, қулай синф хоналари ва мослаштирилган санитария инфратузилмасини барпо этиш, педагогларнинг инклюзив таълим бўйича билим ва кўникмаларини мунтазам ошириш, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш каби вазифалар ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу эса алоҳида таълим эҳтиёжига эга бўлган болаларнинг тенгдошлари билан биргаликда билим олиши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор Янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик тамойилларига асосланган сиёсатининг ёрқин намунасидир.
Бухорода ўтказилган мазкур семинар ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, янги ўқув йилида таълим сифатини янада ошириш, ҳар бир болага тенг имконият яратиш ва жамиятда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигига хизмат қилади. Зеро, ҳар бир боланинг орзуси, иқтидори ва келажаги қадрли. Инклюзив таълим эса ана шу орзуларга элтувчи энг ишончли ва эзгу йўлдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири